Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов 3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни арафасида Урганч шаҳридаги 32-сонли заиф эшитувчи ҳамда 96-сонли кар (эшитмайдиган) болалар учун ихтисослаштирилган махсус мактаб-интернатларига борди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бу ерда ўқитувчи ҳамда ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Синф хоналари, тўгарак хонаси, ётоқхона, ошхона ва фаоллар залида бўлиб, бинодаги қулайликларни, ўқувчилар томонидан яратилган қўл ишлари, тикувчилик, тўқувчилик, дурадгорлик ишлари намуналарини кўздан кечирди.
Вазир ўқитувчи ва педагоглар жамоаси билан суҳбатлашиб, таълим сифатини яхшилаш, мактаб битирувчиларини келгуси ҳаётдаги ўрниларини топишларига кўмаклашиш борасидаги фикрларини тинглади ҳамда ушбу йўналишда ўз тавсияларини берди. Суҳбат якунида тегишли масъулларга махсус мактаб ўқувчиларини касбга йўналтириш, касбга йўналтириш хоналарини жиҳозлаш, махсус дарслик ва видеоконтент тайёрлаш топшириқлари берилди.
Бундан ташқари ўқувчиларнинг таълим ва тарбия шароитларини янада яхшилаш учун 5 йиллик Миллий дастур лойиҳасига алоҳида банд ва топшириқлар киритиш, унда моддий-техник базани мустаҳкамлаш, педагогларни малакасини ошириш ҳамда методикани такомиллаштириш таклиф этилди.


Вазир томонидан мазкур мактаб-интернатларининг ҳар бирига телевизор ва китоблар жамланмаси совға қилинди.






