Қарши шаҳридаги "Марказий" стадионда "Насаф" жамоасининг "Пахтакор" устидан қозонган тарихий ғалабасини нишонлаш учун байрам тадбири ўтказилмоқда.
Тадбирга ташриф буюрган вилоят ҳокими Муроджон Азимов жамоа ўйинчилари ва мухлисларини ғалаба билан табриклади:
Ҳурматли воҳадошлар,
Қадрли футбол ихлосмандлари,
"Насаф" жамоасининг ашаддий ишқибозлари!
Халқ жамоаси номини олган "Насаф" футбол жамоаси Ўзбекистон жамоалари ичида энг совриндор жамоалардан бири ҳисобланади.
Жамоа 1997 йилдан буён Ўзбекистон Олий лигаси мусобаларида иштирокини бошлагандан буён Ўзбекистоннинг 10 карра бронза, 3 карра кумуш медалларини ва бир марта Ўзбекистон Супер Кубогини қўлга киритди. "Насаф" футбол жамоаси ҳозирга қадар юртимиз жамоалари ичида ягона бўлиб турган халқаро соврин Осиё Конфедерациялари Кубогини қўлга киритган.
Жорий мавсум ҳам "Насаф" жамоаси учун сермаҳсул йил бўлди, деб бемалол айтиш мумкин. "Аждарлар" ОФК Кубогининг финалигача етиб борди. Бу ҳам асосан ўз тарбияланувчиларидан ташкил топган жамоа учун катта ютуқ саналади.
Куни кеча Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Кубоги финал учрашувида бир киши кам бўлиб қолишига қарамасдан, жорий мавсумни чемпион сифатида якунлаган "Пахтакор" жамоасини 2:1 ҳисобида таслим этиб, ўз тарихида иккинчи бор Ўзбекистон Кубогини қўлга киритди. Ушбу ғалаба билан “Насаф” жамоаси вакилларини бутун вилоят аҳли номидан, қолаверса ўз номимдан самимий муборакбод этаман.
Албатта, мухлисларни доимий қўллаб-қувватлови ҳеч қачон сизларни тарк этмасин.
Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида ҳам омадли юришингиз бардавомли бўлишини, омад ҳеч қачон сизларни тарк этмаслигини тилаб қоламан.