АсосийJamiyat

Тинчлик ўрнатишда хотин-қизларни бирлаштириш масаласи кўриб чиқилди

'Тинчлик ўрнатишда хотин-қизларни бирлаштириш масаласи кўриб чиқилди'ning rasmi

Куни кеча тинчлик ўрнатиш ва музокаралар жараёнларида иштирок этувчи етакчи аёллар учун  видеоконференцалоқа шаклида ЕХҲТ тармоқ платформаси бўлиб ўтди.

Унда ЕХҲТ Бош котиби Хельга Мария Шмид, Европа ташқи ҳаракатлар хизмати (EEAS) воситачилик масалалари бўйича катта маслаҳатчиси Антье Херрберг, хорижий парламентлар, олий ўқув юртлари, ташкилотлар вакиллари, юристлар ва тадқиқотчилар иштирок этди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, платформа ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева сўзга чиқди.

Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш, шу жумладан, хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган миллий қонунчиликни такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. БМТ кўмагида минтақада ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш соҳаларида хотин-қизларнинг ролини оширишга ва Марказий Осиё давлатлари раҳбариятининг қарорларини амалга оширишга кўмаклашишга қаратилган Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллар мулоқоти ташкил этилди.

Ўзбекистон ЕХҲТ иштирокчи давлатларининг шунга ўхшаш бирлашмалари билан Мулоқот доирасида ҳамкорлик қилиш учун очиқ экани алоҳида таъкидланган.

Минтақавий ва халқаро миқёсда хотин-қизлар масалалари бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилаётгани айтилган .

"Мамлакатимиз “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик” глобал кун тартибига, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибига, Глобал мақсадларга эришиш бўйича ҳаракатлар ўн йиллигига ва БМТ шафелигида ишлаб чиқилган бошқа норматив доираларга содиқлигини тасдиқлайди", — деб таъкидлайди Ўзбекистон парламенти юқори палатаси раҳбари Нарбаева.

Шунингдек, мажлислар давомида тадбир иштирокчилари тинчлик ўрнатишда хотин-қизларни бирлаштириш ва уларнинг ролини ошириш, воситачиликнинг инклюзив жараёнини ишлаб чиқиш, ушбу йўналишда самарали ва маслаҳат дастурларини тақдим этиш ва бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқишган.

    Бошқа янгиликлар