Швейцария парламенти ташқи ишлар вазири Иняцио Кассисни мамлакатнинг янги президенти этиб сайлади. Бу ҳақда "Associated Press"га асосланиб, "interfax.ru" хабар бермоқда.
Шу тариқа, 60 ёшли Кассис 2022 йилнинг 1 январидан Ги Пармеленд ўрнини эгаллайди. Маълум қилинишича, унинг тайинланиши кўпроқ расмиятчилик эди, чунки у ўтган йили вице-президент этиб сайланган.
Тартибга кўра, Швейцарияда президент Федерал Кенгаш аъзолари орасидан бир йил муддатга сайланади. У давлат раҳбари эмас, чунки бу вазифани бутун Федерал Кенгаш бажаради. Шу билан бирга, президент иккинчи муддатга қайта сайланиш ҳуқуқига эга эмас: ваколат муддати тугагач, у аввал раҳбарлик қилган вазирликдаги ишига қайтади.
Маълумот учун: Иняцио Кассис малакаси бўйича шифокор, Швейцария Миллий Кенгаши аъзоси ва Швейцария Тиббиёт Ассоциацияси вице-президенти бўлган. У 2017 йилда мамлакат Ташқи ишлар вазирлигини бошқарган.






