1

"Давлат бюджети даромадлари 116 трлн сўмни ташкил этиб, прогноз 108,4 фоизга ошириб бажарилган". Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботи эшитилди

ИҚТИСОДИЁТ 15.12.2021, 12:31
"Давлат бюджети даромадлари 116 трлн сўмни ташкил этиб, прогноз 108,4 фоизга ошириб бажарилган". Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботи эшитилди

Олий Мажлис Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлисида Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2021 йил 9 ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди. Бу ҳақда Сенат Ахборот хизмати хабар бермоқда. 

Маълум қилинишича, Бюджет ижросини таъминлашда асосий эътибор иқтисодий барқарорликни сақлаш, ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш юзасидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорларидаги вазифаларга қаратилган.

“2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуннинг 9 ойидаги ижроси белгиланган параметрлар доирасида таъминланган.

Ўз вақтида мувофиқлаштирилган фискал ва пул-кредит чоралари туфайли ҳисобот даврида республика иқтисодиёти 6,9 фоизга ўсган, ЯИМ ҳажми 519,8 трлн сўмни ташкил этган.

Иқтисодий ўсиш суръатлари саноатда 9,0 фоизни, қурилиш соҳасида 4,5 фоизни, қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги ва балиқчилик соҳаларида 4,2 фоизни ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасида 7,6 фоизни ташкил этган. Иқтисодиётда ўсиш суръатларини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида инфляция даражаси йил бошидан 5,9 фоизни ташкил этган.

Ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари 116 трлн сўмни ташкил этиб, белгиланган прогноз 108,4 фоизга ёки 9,0 трлн сўмга ошириб бажарилган. Даромадлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,6 трлн сўмга кўпайган.

Давлат бюджетининг 2021 йил 9 ойлик харажатлари давлат мақсадли жамғармаларисиз 130 трлн 265,1 млрд сўмни ташкил этиб, аниқланган режа кўрсаткичларига нисбатан 95,8 фоизни ёки ЯИМга нисбатан 25,1 фоизни ташкил этган.

Ҳисобот даврида маҳаллий бюджетлар даромадлар қисми прогнозга нисбатан 120 фоизга бажарилган ёки 25 трлн 495 млрд сўмни, харажатлар қисми эса режага нисбатан 104 фоизга ижро этилиб, 46 трлн 497 млрд сўмни ташкил этган.

Маҳаллий бюджетлар мустақиллигини ошириш бўйича ҳукумат томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида маҳаллий бюджетлар даромад кўрсаткичи 6 трлн 385 млрд сўмга ортиғи билан ижро этилган.

Таъкидланишича, бу аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ва камбағалликни қисқартириш, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация тўловларини ўз вақтида амалга ошириш имконини берди.

Таъкидланганишича, ҳисобот даврида ижтимоий соҳага Давлат бюджетидан 64 трлн 38 млрд сўм ёки умумий харажатларнинг 49,2 фоизи миқдорида маблағ ажратилган.

Сенаторлар ҳисобот даврида бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида ягона ғазна ҳисобварағининг ишончли ва барқарор ишлаши ҳамда инсон омили аралашувини қисқартириш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлигига эътибор қаратди.

Молия вазирлигига бюджетдан маблағ олувчи вазирлик ва идоралар билан биргаликда ажратилган маблағлардан мақсадли ҳамда самарали фойдаланиш устидан таъсирчан назорат тизимини ўрнатиш, бюджет маблағларининг натижадорлигини таъминлашга қаратилган доимий мониторинг тизимини жорий этиш мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан бюджет харажатлари устидан назоратни кучайтириш мақсадида вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан расмий веб-сайтларда бюджет маблағлари харажатлари, бюджет очиқлигини таъминлаш юзасидан тегишли маълумотларни жойлаштириш зарурлиги билдирилди.

Бундан ташқари, аҳолини ташвишга солаётган ижтимоий муаммоларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш, жумладан, “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси” маблағларини шакллантириш, улардан самарали ва мақсадли фойдаланиш бўйича маълумотларни расмий веб-сайтга, жумладан “Очиқ бюджет” ахборот порталига жойлаштиришни доимий назорат қилиш лозимлиги таъкидланди.

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ҳамда ижтимоий ҳимоянинг манзиллилигини кучайтириш зарурлиги ҳам таъкидлаб ўтилди.

Давлат бюджетининг 2021 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1