АсосийЖАМИЯТ

Ёшларнинг ғоялари асосида ҳукумат қарори ишлаб чиқилади

Бандликни таъминлаш, ёшларни олий маълумотли қилиш, касб-ҳунар ўргатиш, тадбиркорлик билан...

'Ёшларнинг ғоялари асосида ҳукумат қарори ишлаб чиқилади'ning rasmi

Бандликни таъминлаш, ёшларни олий маълумотли қилиш, касб-ҳунар ўргатиш, тадбиркорлик билан шуғулланиши учун кўмаклашиш, креатив ғоялар, стартап лойиҳаларни амалга оширишни рағбатлантириш каби эзгу мақсадларга йўналтирилган тадбирлар Ўзбекистоннинг интеллектуал захирасига сифатли кадрларни тўплашда аҳамиятлидир. Ана шундай йирик лойиҳалардан бири 18-25 декабрь кунлари ташкил этиладиган  янги форматдаги “Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021” ҳафталигидир.  Бу ҳақда «Ўзбекистон ёшлари форуми» медиа штаби хабар бермоқда.

Форум аввалида ёшлар 12 декабрга қадар yoshlarforumi.uz платформасида ўз таклифларини қолдиришди. 7957та таклиф орасидан энг сара 200 таси ҳафталик давомида экспертлар гуруҳига тақдим этилади. Сараланган таклифлар муаллифларига форумнинг очилиш маросимида шахсан иштирок этиш имкони берилди. Долзарб ва жамият ривожи учун зарур таклифлар асосида якунда ҳукумат қарори ишлаб чиқилиши режа қилинган. Бу амалиёт республикамиз ва хорижда таҳсил олаётган ҳамда фаолият юритаётган ёшлар учун янги майдон.

 

18 декабрь куни Ёшлар ижод саройида ҳафталикнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев сўзга чиқиб, “Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021” доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар ҳамда форумнинг расмий сайтига йўлланган таклифлар статистикаси ва уларнинг истиқболи хусусида тақдимот қилди. 

Очилиш маросими кун охирида ташкил этилган бўлса, унга қадар бир нечта лойиҳаларнинг Республика босқиши ўтказилди. Жумладан, Инновацион ўқув ва ишлаб чиқариш технопаркида “Ўзбекистон учун 100 ғоя” танловининг якуний босқичи ўз ишини бошлади. Бунда турли йўналишлар кесимида 245 та тақдимот намойиш этилди. 19 декабрь куни танловнинг Республика босқичи якунланди. Энг илғор 100 нафар ёшлар ғолиб деб топилиб, улар ўз ғояларини реал ҳаётга татбиқ этиш имконини қўлга киритдилар. Уларнинг лойиҳалари “Ўзбекистон учун 100 ғоя” махсус альбомидан ўрин олиши белгиланди. 

Гендер тенглиги, хотин-қизларнинг фаоллиги, билим, салоҳиятини ошириш даврнинг долзарб масаласи саналади. Айни шуларни мақсад қилган “Қизлар овози” клуби ҳафталикнинг илк кунида навбатдаги мавсумини ўтказди. 

“Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021” ҳафталиги фестиваллари нафақат юртимиздаги балки чет мамлакатлардаги ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг фаол ёшларини ҳам қамраб олди. Шу аснода 18-24 декабр саналарида Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси билан ҳамкорликда 6 та хорижий давлат (АҚШ, Буюк Британия, Туркия, Жанубий Корея, Россия, Германия)да “Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021” доирасидаги бир қатор тадбир ва фестиваллар ўтказилиши режалаштирилган эди. 18 декабр куни Жанубий КореянингСеул шаҳри “Seoul Global Center” мажмуасида, Туркиянинг Истанбул, Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида ушбу мамлакатларда таҳсил олаётган ҳамда фаолият юритаётган ёшлар иштирокида учрашувлар ташкиллаштирилди. Сеул шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда магистратура ва докторантура босқичларида таҳсил олаётган ёш тадқиқотчилар илм-фан ҳамда технология соҳасида ўз илмий ишларининг тақдимотини ўтказдилар.

Истанбул шаҳрида “Ўзбекистон ёшлари форуми – Туркия ёшлар анжумани” ўтказилди. Анжуман қуйидаги йўналишларда иш олиб борди:

•        Учинчи Ренессанс (ижтимоий-иқтисодий);

•        New Media (ОАВнинг янги йўналишлари);

•        Келажак лидерлари (Г2Г, Б2C, Б2Г, Б2Б);

•        Ёш ижодкор (китобхонлик, ёзувчилик ва рассомчилик).

Лондон шаҳрида ёш ватандошларимиз учун “Ўзбекистон ёшлари форуми – Буюк Британия” конференцияси ташкил этилди. Ундан турли мавзуларда музокаралар, давра суҳбатлари, мотивацион учрашувлар, викториналар, “Заковат” интеллектуал ўйини, “Мунозара” дебат беллашуви ва бошқа тадбирлар ўрин олди. 

Форум доирасида мазкур давлатлардаги тадбир қатнашчилари билан Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев иштирокида ЗООМ платформаси орқали онлайн конференция ўтказилди. 

Форум унда иштирок этишни хоҳлагандар учун очиқ платформа. Ҳафталикнинг иккинчи кунида “Ғалаба боғи” ҳудудида Қуролли Кучлар тизимида хизмат қилаётган ёшлар иштирокида ҳарбий ватанпарварлик тадбирлари, парад, ҳарбий техника кўргазмаси, Ёшлар ижод саройида ёшлар ўртасида энг оммавий бўлган “Modul 5”, “Marketing.uz”, “Design club”, “Youtube Uzbekistan” каби лойиҳалар тақдимоти ташкил этилди. 

“Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021” ҳафталиги 25 декабрга қадар давом этади. 

    Бошқа янгиликлар