АсосийЖАМИЯТ

“ArMI-2021” Халқаро армия ўйинларида Ўзбекистон шарафли 2 ўринни эгаллади. Бунда Қуролли Кучлари Академиясининг ўрни қандай?

Бугун қай бир соҳага қарамайлик, йилдан-йилга тараққиёт сари одимланмоқда. Инсонларнинг эр...

'“ArMI-2021” Халқаро армия ўйинларида Ўзбекистон шарафли 2 ўринни эгаллади. Бунда Қуролли Кучлари Академиясининг ўрни қандай?'ning rasmi

Бугун қай бир соҳага қарамайлик, йилдан-йилга тараққиёт сари одимланмоқда. Инсонларнинг эртанги кунга бўлган ишончи баланд, ҳаётда эришишни кўзлаган орзу ва мақсадлари талайгина. Албатта, тинчлик, осойишталик, барқарорлик таъминланмас экан, юқорида санаганларимизнинг ҳеч бирини хаёл қилиб ҳам бўлмайди. Қисқача айтганда мамлакатимиз тараққиётининг мустаҳкам ва ишончли кафолати, тинчлик ва барқарорлик омили бу – миллий армиямиздир.   

Ўтган беш йил том маънода миллий армиямиз учун туб бурилиш ва янгиланишлар даври бўлди. Давлатимиз томонидан қўшинларимизни ҳар томонлама ривожлантириш, жанговар салоҳиятини янада ошириш бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Халқаро сиёсий вазият эса ҳар бир давлат олдига замонавий, профессионал, қудратли армияга эга бўлиш талабини қўймоқда. 

Шу сабабли  2017 йилнинг 25 апрелдаги Президент қарори асосида янгитдан барпо этилган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академияси (собиқ Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти) бугунги кунда, юқори бўғин қўмондонлик офицерларинитайёрлаш ва Қуролли Кучлар таркибини ҳар томонлама етук, малакали офицер кадрлар билан бутлаш ҳамда мудофаа қурилиши соҳасида илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни амалга ошириш бўйича энг зарур вазифаларнинг бажарилишида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келмоқда.

Бир қатор журналист ва блогерларнинг навбатдаги манзили айнан шу маскан бўлди. 

Қуролли Кучлари Академияси – ватанпарварлар маскани

Бугун Академияда умумқўшин, ҳарбий хавфсизлик ва давлат мудофааси, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Ички ишлар вазирлиги қўшинларига кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш факультети ва Ички ишлар вазирлиги ҳарбийлашган бўлинмалари мутахассисларини тайёрлаш кафедраси каби жами 17 та кафедра фаолият юритиб келмоқда.

Академияда шахсий таркиб учун барча имкониятлар, 4000 дан ортиқ китобга, интернет ва 15000 дан ортиқ электрон адабиётларга эга Ахборот-ресурс маркази фаолият юритади. марказ Академия фаолиятида муҳим аҳамият касб этади.  Шунингдек Академиянинг музейида ҳам 100 йилдан ортиқ тарихга эга экспонатлар ва қўлёзмалар мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Академиясига номзодларни қабул қилиш тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги 141-сонли “ОҲТМларга танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақидаги” Қарори ҳамда мудофаа вазирининг 2015 йил 27 мартдаги “ОҲТМларга номзодларни танлаш ва қабул қилиш тўғрисидаги Йўриқнома” асосида амалга оширилади.

Мазкур раҳбарий ҳужжатлар талаблари асосида ОҲТМларга номзодларни сифатли танлаш ва уларни ўқишга қабул қилиш тизими 4 босқичдан иборат бўлган тизим асосида олиб борилмоқда. ОҲТМларга тест синовлари натижаларидан қатъий назар, дастлабки ва ҳарбий профессионал танловдан муваффақиятли ўтган қуйидаги номзодлар конкурсдан ташқариқабул қилинади:

- хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари;

- халқаро ва республика олимпиадалари ғолиблари;

- “Энг илғор сержант” танловининг Республика босқичи ғолиблари.

Миллий армиямиз қудрати тобора ошмоқда

Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан ҳарбий бўлинмаларнинг жанговар тайёргарлик машғулотларини сифатли ўтказиш ҳамда муносиб хизмат шароитларини яратиш мақсадида барча полигонлар ва ўқув марказлари янгидан барпо этилди. Хусусан, ҳарбий-маъмурий секторлар билан ҳамкорликда ҳалқаро талабларга мос равишда 19 та полигон янгидан қурилиб, мутахассисларнинг профессионал тайёргарлигини ошириб боришга ихтисослаштирилди.

“Чирчиқ”полигони ҳудудида янгитдан барпо этилган “Мудофаа вазирлиги моделлаштириш ва симуляция дала-ўқув маркази” ҳарбий хизматчиларнинг профессионал тайёргарликларини оширишда муҳим аҳамият касб этди. 

Ҳарбий қисм ва бўлинмаларнинг жанговар тайёргарлик бўйича ўтказиладиган машғулотлар соати бир неча баробар кўпайтирилди. Ҳар йили такрорланиб ўтказиладиган машғулотларга чек қўйилиб, амалий машғулотлар сифати ва сони оширилди. Жанговар тайёргарлик машғулотларини 2016 йил билан таққосласак, ҳарбий хизматчига ўқув машғулот меъёри 4 баробарга кўпайди. Бунинг натижасида кундан кунга замонавий қиёфа касб этаётган миллий армиямизда ҳарбий билимлар билан амалий машғулотлар уйғунлигини таъминлаш устувор вазифалар сирасига айланди. 

Амалга оширилган ишлар натижасида олий ҳарбий таълим муассасаларининг илмий салоҳияти 2 баробарга ошди.

Сўнгги йилларда қўшинларни замонавий қурол ва ҳарбий техникалар билан таъминлаш борасида ҳам салмоқли қадамлар ташланди. Бугунги кунга келиб қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника 41% га янгиланди, мавжудлари эса қайта модернизация қилинди.

Ҳарбий-ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий соҳада ҳарбий хизматчилар ва ёш авлодни тарбиялаш ишлари сифат жиҳатдан янги даражага кўтарилди. Қабул қилинган маънавий-маърифий тадбирларнинг самарадорлигини ошириш Концепцияси ҳамда “Халқ ва армия якдил” тамойили асосида олиб борилаётган ишлар ҳарбий қисм ва муассасаларнинг эшикларини жамоатчилик, айниқса ёшлар учун кенг очиб берди. Бундай саъй-ҳаракатлар ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий салоҳиятини, ёшларда миллий армиямиздан фахрланиш туйғуси ваҳарбий-ватанпарварлик руҳини оширди. Бир сўз билан айтганда, армия ва халқ бирлиги мустаҳкамланди.

Сўнгги йилларда Мудофаа вазирлиги тизимида кузатилаётган ўзгаришлардан яна бири ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тизимига катта этибор қаратилди. Натижада юрт посбонларининг хизмат ва яшаш шароитлари яхшиланди. Жумладан, Ватан посбонлари учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари асосида 224 та кўп қаватли уйлар қурилиб, жами 7 225 та хонадон юрт ҳимоячиларига топширилди. Шунингдек, 3 765 нафар ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари республикамиздаги олий ҳарбий ва олий таълим муассасаларига ўқишга киришида қўшимча имтиёз берувчи тавсияномаларга эга бўлишди. 

Янги Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги байрамида жасур ва алп ўғлонларимиз жорий йилнинг 22 августидан 4 сентябрь кунига қадар “ArMI-2021” Халқаро армия ўйинларида Ватанимиз шаъни ва шавкатини муносиб ҳимоя қилиб, Истиқлол байрамига қимматли ғалабалар сериясини туҳфа этдилар. Дунёнинг 11 давлати ҳудудларида 42 мамлакат вакилларидан иборат 277 жамоа иштирок этган “ArMI-2021” Халқаро армия ўйинларида Ўзбекистон ҳарбий жамоаси Хитой, Ҳиндистон, Белорусия, Вьетнам каби кучли жамоаларни ортда қолдириб, 4 та олтин, 9 та кумуш ва 4 та бронза медаллар билан  умумжамоа ҳисобида 2 ўринни эгаллади. 5 минг нафардан ортиқ сара ҳарбий хизматчилар иштирок этган мазкур мусобоқалар давомида жами 37 та рекорд натижа қайд этилган бўлса, шундан  Хитой Халқ Республикаси 6 та, Беларусь ва Ҳиндистон Республикалари 2 тадан, ўзбек ўғлонлари эса 10 та рекордни янгилашга муваффақ бўлди. 

Хулоса ўрнида айтанда, сўнгги йилларда мамлакатимизда мудофаа ва хавфсизлик соҳасида амалга ошган ўзгаришлар Қуролли Кучларимиз ривожининг янги даврини бошлаб берди. Бу эса Янги Ўзбекистонда тинчлик ва осойишталик, барқарор тараққиётни таъминлаш вазифасини бажарадиган миллий армиямизнинг янада ривожланишига, куч-қудрати ва салоҳияти ортишига хизмат қилади. 

    Бошқа янгиликлар