АсосийJamiyat

"Ҳеч қандай имтиҳонларсиз ўқишни кўчиришни истайсизми?"... Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси баёнот билан чиқди

'"Ҳеч қандай имтиҳонларсиз ўқишни кўчиришни истайсизми?"...  Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси баёнот билан чиқди'ning rasmi

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда лицензияга эга бўлмаган бир қатор ташкилотлар ўзларини нодавлат олий таълим ташкилотлари сифатида тарғиб қилиш ҳолатлари учрамоқда.  

Айни шу сабаб Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси баёнот билан чиқди.

"Хусусан, кўпчилик “Valley Innovative University”, Самарқанд–Корея халқаро университети, Ангрен–Корея халқаро университети, Халқаро Европа университети ва бошқа шу каби муассасалар томонидан берилган дипломлар Ўзбекистонда олий таълим муассасаси дипломи сифатида тан олинадими, деб мурожаат қилмоқда",-дейди инспекция матбуот хизмати.

Қайд этилишича, уларнинг айримлари ҳаттоки хорижда таълим олаётган ўзбекистонликларга ҳам имтиҳонсиз ўқиш кўчириш бўйича ваъдалар бермоқда.

Шу ўринда, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси юқорида номи келтирилган таълим ташкилотлари Ўзбекистонда олий таълим хизматларини кўрсатиш ҳуқуқини берувчи ҳеч қандай лицензияга эга эмаслигини маълум қилди.  

Қайд этилишича, қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ, Таълим инспекциясидан олий таълим хизматлари кўрсатиш учун лицензия олмаган нодавлат олий таълим ташкилотлари томонидан берилган дипломлар тан олинмайди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонунининг 29-моддасига асосан, нодавлат таълим ташкилотлари лицензия олинган кундан эътиборан таълим фаолияти билан шуғулланишга ҳақлидир.  

Нодавлат таълим ташкилотларига лицензия бериш Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 мартдаги 241-сон қарори билан тасдиқланган Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом асосида амалга оширилади.

Ўз навбатида таъкидланишича, сўнгги йилларда нодавлат таълим ташкилотлари сони бир неча баробарга ошиб, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ўртасида, шунингдек, нодавлат таълим ташкилотлари ўртасида ўзаро соғлом рақобат муҳити шаклланмоқда.

"Фуқароларимизнинг юқоридаги каби ҳолатларда алданиб қолишларининг олдини олиш мақсадида Таълим инспекцияси расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали олий таълим хизматини кўрсатиш бўйича лицензия олинган нодавлат олий таълим ташкилотлари ҳақида мунтазам тарзда маълумот бериб келинмоқда",-дейилади хабарда.  

Қуйидаги ҳаволалар орқали лицензия олган нодавлат олий таълим ташкилотлари билан танишинг:

1- ҳавола;

2-ҳавола;

3-ҳавола.

Эслатиб ўтилишича, тегишли лицензияга эга бўлмаган ёки белгиланган тартибда аккредитациядан ўтмаган таълим ташкилотлари томонидан берилган олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатлар нафақат Ўзбекистон Республикасида балки бошқа давлатлар томонидан ҳам тан олинмайди.

    Бошқа янгиликлар