Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятидаги Uzbekistan GTL заводининг очилиш маросимида нутқ сўзламоқда.
"Аввало, сиз, азизлар билан бой ва қадимий тарихга эга бўлган, улуғ аллома ва саркардаларни вояга етказган саховатли Қашқадарё заминида кўришиб турганимдан ғоят мамнунман.
Бугун, Янги йил арафасида ушбу қутлуғ воҳада мамлакатимиз саноатида яна бир ёрқин саҳифа очаётган улкан воқеага гувоҳ бўлиш барчамизга чексиз қувонч бағишлайди.
Ўз бағрида ноёб бойликларни асраб келаётган Ғузор туманида суюлтирилган синтетик маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган GTL заводи ишга туширилмоқда.
Албатта, бундай улкан мажмуанинг қурилиши кейинги йилларда мамлакатимизда саноат ривожини янги босқичга олиб чиқиш бўйича амалга ошираётган сиёсатимиз натижаси, десак, тўғри бўлади", деди давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида.
Бундан ташқари Президент Шавкат Мирзиёев "Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий қудрати ва салоҳияти айнан мана шундай мажмуаларда яққол намоён бўлишини таъкидлади.
Мажмуада йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газ қайта ишланиб, қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган 1,5 миллион тонна тайёр суюқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Жумладан, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланади.
Ушбу маҳсулотлар ҳисобига йилига 500 миллион долларлик импорт ўрни қопланади, 200 миллион долларлик экспорт ва 2 триллион сўмлик солиқ тушумлари таъминланади.
"Алоҳида таъкидлаш керак, биз 300 миллион долларлик газни қайта ишлаб, уни қиймати 3 баробар юқори ва дунё бозорида талаб катта бўлган тайёр маҳсулотларга айлантирамиз", - деди давлатимиз раҳбари.






