АсосийЖАМИЯТ

Тошкентда Озарбайжонга бағишланган "Йилнинг энг сараси" танлови ғолиблари тақдирланди. Ғолиблар орасида "Даракчи" мухбири ҳам бор

Тошкентдаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази 2021 йилда Ўзбекистонда эъло...

'Тошкентда Озарбайжонга бағишланган "Йилнинг энг сараси" танлови ғолиблари тақдирланди. Ғолиблар орасида "Даракчи" мухбири ҳам бор'ning rasmi

Тошкентдаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази 2021 йилда Ўзбекистонда эълон қилинган Озарбайжонга доир "Йилнинг энг саралари" танловининг якунларини сарҳисоб қилди.

Озарбайжон Маданият марказида шу муносабат билан ўтказилган маросим 31 декабрь - Дунё озарбайжонларининг бирдамлик куни ва янги йилга бағишланди.

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази директори Самир Аббосов 2021 йил икки мамлакат ўртасидаги маданият соҳасида муваффақиятли ва самарали йил эканини таъкидлаб, йил давомида амалга оширилган ишлар ва лойиҳалар ҳақида маълумот берди.

Дипломат Озарбайжон Маданият маркази лойиҳасига кўра, Ўзбекистоннинг Турон кутубхонасида "Қорабоғ маркази", Нукус Давлат Педагогика институтида эса Ҳусайн Жовид номидаги Озарбайжон маданияти маркази ташкил этилганини таъкидлади.

Дипломат Ўзбекистоннинг "Турон" кутубхонаси билан Шуша раён Марказий Кутубхонаси орасида меморандум имзоланганини, Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятларида Тошкент халқаро кинофестивали доирасида "Озарбайжон киноси кунлари"ни ташкил этиш, Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий номидаги Маданият ва адабиёт кунлари тадбирларини ўтказиш, шунингдек, кўплаб халқаро анжуманлар, тақдимотлар, консерт дастурлари, кўргазмалар, нашриёт лойиҳалари амалга оширилганини айтиб ўтди.

Йил давомида 30 га яқин ўзбек олимлари, журналистлари ва блогерлари Озарбайжонда сафарда бўлганини қайд этган Самир Аббасов озод Қорабоғда икки марта ўзбек журналистлари медиа-турларни уюштирилганини ҳақида тўхталди.

Тадбирда Озарбайжон Маданият Маркази лойиҳаси билан  ўзбек журналистлари иштирокида  Озарбайжоннинг ишғолдан озод этилган ҳудудларида ташкил этилган медиа-тур натижасида  яратилган "Ватан уруши: Темир мушт" ҳужжатли филми намойиш этилди.

Сўнгра 2021 йилги "Йилнинг энг сараси" танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

"Ўзбек матбуотида Озарбайжон ҳақида энг кўп материал эълон қилган "йилнинг машҳур журналистлари" номинацияси бўйича "darakchi.uz " янгиликлар портали журналисти Сардорбек Раҳмонкулов, "xabar.uz" портал журналисти Зафаржон Қосимов, "human.uz" янгиликлар сайти журналисти Муслимжон Мирзажонов тақдирланди.

"Шуша-Озарбайжоннинг маданият пойтахти" мавзусида йилнинг энг қизиқарли мақолаларини чоп этган сайтлар" номинацияси бўйича "uza.uz ", "interpress.uz ", "ishonch.uz" ва "news.uz " янгиликлар порталлари мукофотга лойиқ кўрилди.

"Туркий давлатлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни кенг тарғиб этувчи йилнинг энг фаол журналистлари" номинациясида Ўзбекистон interpress.uz" янгиликлар портали журналисти Дилшод Исломов, Қирғизистонда фаолият олиб бораётган таниқли озарбайжонлик журналист Рамиз Машедиҳасанли махсус мукофот билан тақдирланди.

Низомий Ганжавийнинг "Хамса"сини ўзбек тилига таржима қилган Ўзбекистон халқ шоири Камол Жамол ва Алишер Навоийнинг "Хамса" сини озарбайжон тилига таржима қилган озарбайжонлик профессор Рамиз Аскар "2021 йилнинг энг яхши таржима асарлари" номинациясида махсус мукофот билан тақдирланди.

"Дўстлик ришталарини тарғиб этувчи йилнинг энг фаол маданият ва фан арбоби" номинациясида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, шоир Ғайрат Мажид, Ўзбекистон Миллий университети кафедра мудири, Профессор Нигинахон Шермухамедова, Озарбайжон журналистлар уюшмаси аъзоси, "Туркел" жамғармаси президенти, журналист Ҳокима Халилова тақдирланди.

"Озарбайжон ва Ўзбекистон телеканалларида икки мамлакат дўстлиги, ҳамкорлигини кенг ёритган журналистлар" номинациясида Озарбайжоннинг "Реал ТВ" телеканали бошловчиси Хатира Маммадовага, Ўзбекистон "Маданият ва маърифат" телеканали журналисти Нурулла Нарзуллаевга махсус мукофот топширилди.

"Йил давомида Озарбайжон-Ўзбекистон дўстлиги ва ҳамкорлигини энг кенг тарғиб қилган озарбайжонлик журналистлар" номинациясида АЗЕРТАЖнинг Марказий Осиё, Ўзбекистон бўйича махсус мухбири, Гулу Казимов, moderator.az " ахборот сайти журналисти Сеймоур Алиев, "müsavat.az" янгиликлар сайти журналисти Холид Козимли ва "redaktor.az янгиликлар сайти журналисти Оқил Аслан тақдирланди.

"Озарбайжон маданияти ҳақида йилнинг энг яхши теледастури" номинациясида ҳам ғолиблар аниқланди: Ўзбекистоннинг "БИЗтв" Интернет-канали журналисти Жалолиддин Мирзаев ҳамда Озарбайжоннинг "Реал Тв" телеканалидаги "Реал Ватан" лойиҳаси раҳбари ва бошловчиси Сиёвуш Ҳусайнли махсус мукофот билан тақдирланди.

Сўнгра тадбир Ўзбекистоннинг таниқли санъаткорлари озарбайжон мусиқасини, "Кайкаб Алиева номидаги Озарбайжон қизлари" рақс ансамбли миллий рақсларимизни ижро этган бадиий дастур билан давом этди.

    Бошқа янгиликлар