Euronews телеканали мамлакатдаги биринчи газни чуқур қайта ишлаш заводининг очилиши ҳақидаги репортажни намойиш этди. Видеоролик тақдимоти Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан “Янги Ўзбекистон. Янги назар" дастури ижроси доирасида ташкил қилинди.
Репортажда GTL заводининг нафақат Ўзбекистон, балки МДҲ мамлакатлари энергетика саноати учун аҳамияти ҳақида сўз боради.
“Республика жанубидаги улкан мажмуа нафақат Ўзбекистонда, балки бутун МДҲда энг йирик сармоявий лойиҳалардан бири деб номланади. Унда бутун дунёдан компания ва корпорациялар иштирок этди. Асосий маҳсулот синтетик ва экологик тоза ёқилғи ҳисобланади. Завод йилига 1,5 миллион тонна маҳсулот ишлаб чиқариши керак”, — дея таъкидланади хабарда.
“Бугунги кунда у дунёдаги энг мураккаб, энг замонавий бундай турдаги завод ҳисобланади”, – дейди Uzbekistan GTL техник директори Марсел Краузе.
“Мазкур лойиҳа нафақат Ўзбекистонга, балки бутун дунёга экологик фойда келтиради, – дейди Uzbekistan GTL ишлаб чиқариш бўйича директори Қодирбай Қайпназаров. – Биз экотехнологиядан фойдаланамиз, бунинг ёрдамида самолётлар, автомобиллар, қишлоқ хўжалиги учун жуда юқори сифатли ёқилғи ишлаб чиқарамиз."
Қайд этиш жоизки, мазкур сюжет Euronews телеканалидаги “Янги Ўзбекистон. Янги назар" медиадастури доирасидаги репортаж ва кўрсатувлар туркумининг узвий давоми бўлди.
«Learning world», «FOCUS», «СULT», «AGENDA» дастурлари ҳамда ранг-баранг видеороликлар туфайли дунё бўйлаб ҳар куни 16 миллион киши Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлаш, мамлакатимиз Президенти сайлови, Ш.Мирзиёевнинг Конституция куни муносабати билан сўзлаган маърузасида билдирилган ташаббуслар, “Марказий ва Жанубий Осиё” халқаро конференциясининг тафсилотлари ҳақида муфассал маълумотга эга бўлди, Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги, “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали ва бахшичилик халқ амалий санъати анжуманини кузата олди.
Ўзбекистон йили эса, Euronews телеканалида “Ўзбекистон ислоҳотларнинг иккинчи босқичида” батафсил таҳлилий кўрсатуви билан якунланди. Бу ҳозир Марказий Осиёнинг қоқ марказида кечаётган жараёнларга ташқи назар, Европанинг қарашидир.
Европа ва жаҳонда мамлакатимизга қаратилаётган катта эътиборни инобатга олган ҳолда Euronews телеканали ўзининг интернет сайтида Ўзбекистон ҳақидаги барча ОАВ материалларини (фотогалерея, мақолалар, репортажлар, видеороликлар) , шунингдек, халқаро китобхонлар эътиборини жалб қилиш учун тематик баннерларни жамлаган алоҳида “Янги Ўзбекистон” саҳифасини очди.






