Яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Носирбек Абдуллаханов бошчилигидаги Наманган вилояти делегацияси Озарбайжонда бўлиб, М.Топчубашев номидаги илмий-жарроҳлик маркази ва Боку марказий клиникаси раҳбарияти билан учрашувлар ўтказган эди.

Куни кеча ана шу ҳамкорликнинг амалий ифодаси ўлароқ Озарбайжон Жарроҳлик илмий марказининг жигар, ўт пуфаги йўллари ва ошқозон ости бези жарроҳлиги бўлимининг катта илмий ходими, тиббиёт фанлари доктори, профессор Гурбанхан Муслимов Наманган вилоятида бўлиб, қатор учрашув ва маҳорат дарсларини ўтказди.

Хусусан, Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдуразаков Озарбайжон Жарроҳлик илмий марказининг жигар, ўт пуфаги йўллари ва ошқозон ости бези жарроҳлиги бўлимининг катта илмий ходими, тиббиёт фанлари доктори, профессор Гурбанхан Муслимовни қабул қилди.

Бундан ташқари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Г.Муслимов Наманган Давлат университетида бўлиб, тиббиёт факультети талабаларига маҳорат дарсини ўтди. У бўқоқ касаллигини даволаш бўйича ўтказган жарроҳлик амалиёти акс этган видео тақдимотни талабаларга тақдим қилди. Мазкур йўналишдаги янгиликлар хусусида атрофлича маълумотлар бериб, ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.
Тажрибали шифокор университетнинг профессор-ўқитувчилари билан маҳорат дарсини ташкил этди. Машғулотлар давомида мутахассис наманганлик ҳамкасблари ҳамда талаба-ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
Сенатор Носирбек Абдуллаханов ва озарбайжонлик Гурбанхан Муслимовнинг саъй-ҳаракати билан Наманган давлат университети талабалари орасидан энг саралари 3-4 курсда Озарбайжон ва Германия давлатларининг ривожланган олий таълим муассасалари, тиббиёт клиникаларида ўқув амалиётини ўтайдиган бўлди.
Гурбанхан Фатали ўғли Муслимовга Наманган давлат университетининг фахрий профессори унвони берилди.






