АсосийЖАМИЯТ

Амирсойдаги нархлар: Бепул ва пуллик хизматлар ҳақида (фоторепортаж)

Қуруқ ўтаётган қиш кунларида ҳаммамиз қорни соғинганмиз. Лекин қор бизга келмаса, биз қорг...

'Амирсойдаги нархлар: Бепул ва пуллик хизматлар ҳақида (фоторепортаж)'ning rasmi

Қуруқ ўтаётган қиш кунларида ҳаммамиз қорни соғинганмиз. Лекин қор бизга келмаса, биз қорга боришимиз мумкин. Пойтахтдан 72 км масофада жойлашган Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги "Амирсой" дам олиш ва тоғ-чанғи курортида кеча 9 январь куни 2021/2022 қиш мавсумининг расмий очилиши бўлиб ўтди. “Ҳар доим бор эди-ку, қиш мавсумини алоҳида очишга эҳтиёж бор эдими?” – дейишингиз мумкин. Бу тадбир анъанавий тарзда рамзий маънода ҳар йили ўтказиб келинади. Мақсад - республика аҳолиси ўртасида фаол ва соғлом турмуш тарзини оммалаштириш. 

Фақат рамзий маънодами?

Амирсой ҳудудига тез-тез келадиганлар бўлса, бу йил ўтган йилга қараганда турли янги хизмат турлари ҳам йўлга қўйилганлигининг гувоҳи бўлади. Масалан, икки ҳафтача олдин 2 290 метрли тоғ тепасига олиб чиқувчи дор йўлига ҳам олиб чиқувчи 2 800 метрли яна бир дор йўли фойдаланишга топширилди (нархлар ҳақидаги маълумотлар қуйироқда). Тоғга юқорилар экансиз, тепадан туриб янги музда учиш майдони, турли дам олиш виллалари, меҳмонхоналар қурилаётгани ҳам аниқ кўринади. Кеча қиш мавсумининг очилиши тадбирлари доирасида кёрлинг ўйин майдони ва “Амирсой” баланд тоғ муз йўлагининг ҳам очилиши бўлиб ўтди.

“Амирсой” муз йўлаги Ўзбекистонда биринчи баланд тоғда жойлашган умумий майдони 70х41 м2 муз йўлаги ҳисобланади. Унда учиш хизматлари ярим соатлик ва бир соатлик сеанслар орқали тақдим этилади. Дам олиш масканига ташриф буюрувчилар зарур ҳолларда индивидуал ва гуруҳ дарсларидан фойдаланишлари мумкин. Барча машғулотлар профессионал инструкторлар назорати остида интерактив тарзда ўтказилади. 

Нархлар

Сўнгги кунларда Амирсойдаги автотураргоҳларнинг 150 минг сўм эканлиги ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқалиб, қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Лекин у ерда бепул авторургоҳлар ҳам мавжуд. Фақат машинангизни янги қурилган авторураргоҳда қолдириб, 1-дор йўли орқали (албатта, тўловли) юқорига кўтарилишингиз ёки шу атрофдаги тепаликларда ўзингиз билан олиб келган чаналарда маза қилиб учишингиз мумкин. Демак, қолган бепул ва пуллик хизматлар ҳақида маълумот берамиз: 

1-дор йўли

2 800 метр (авторураргоҳ бепул): душанба-жума - 60 000 сўм, дам олиш ва байрам кунлари 70 000 сўм.

2-дор йўли

2 290 метр (автотураргоҳ 150 000 сўм): душанба-жума - 70 000 сўм, дам олиш ва байрам кунлари 80 000 сўм.

14 ёшгача бўлганлар ва 55 ёшдан катталар учун 50 фоизли чегирмалар бор.

Муз майдони

09:00-18:00 оралиғида:

Ярим соати - 60 000 сўм (14 ёшдан кичик ва 55 дан ошганларга 45 000 сўм);

Бир соати - 90 000 сўм (14 ёшдан кичик ва 55 дан ошганларга 75 000 сўм);

Учишга кўмаклашувчи таянч ярим соати - 10 000 сўм, бир соати 20 000 сўм.

! Ўзингиз билан коньки олиб келсангиз ҳам шу миқдорда тўлов қиласиз. Яхшиси, олиб келманг.

18:00 – 21:00 оралиғида:

Ярим соати - 110 000 сўм (14 ёшдан кичик ва 55 дан ошганларга 80 000 сўм);

Бир соати - 170 000 сўм (14 ёшдан кичик ва 55 дан ошганларга 140 000 сўм);

Учишга кўмаклашувчи таянч ярим соати - бепул.

Бундан ташқари, муз майдонида конькида учишга ўргатувчи инструкторлик хизматлари ҳам мавжуд бўлиб, бу хизматлар учун тўлов 60 000 сўмдан 250 000 сўмгача. 

Сардорбек Раҳмонқулов

    Бошқа янгиликлар