АсосийDunyo

БМТ Афғонистон халқига қарийб 5 миллиард долларлик ёрдам зарурлигини маълум қилди

'БМТ Афғонистон халқига қарийб 5 миллиард долларлик ёрдам зарурлигини маълум қилди'ning rasmi

Куни кеча БМТ ва унга шерик халқаро ташкилотлар 28 миллион афғонистонликларга ёрдам режасини эълон қилди. Уларнинг 22 миллиони мамлакат ичкарисида, 5,7 миллиони минтақанинг бешта мамлакатида бошпана топгани ҳақида айтилмоқда. Уларнинг эҳтиёжи учун 2022 йилда 4,44 миллиард доллар маблағ зарур бўлади. Тожикистоннинг «Ховар» ахборот агентлиги БМТ матбуот хизмати тарқатган маълумотга таяниб шу ҳақда ёзмоқда.

Афғонистон иқтисодиёти «эркин қулаш ҳолатида» турибди ва аҳолининг ҳаёти хавф остида. 23 миллион  киши очлик бўсағасида, касалхоналар оч қолган болалар билан лиқ тўлган, ўқитувчилар маош олмаяпти, миллионлаб болалар таълим олиш имкониятидан маҳрум этилган. Бугунги Афғонистонда аҳвол шундай.

Буғдой ва ёнилғи нархлари 40 фоизга ошган, қолаверса, афғонистонликларнинг  оилавий бюджетидан 80 фоизи овқатланиш учун сарфланмоқда. Чунки халқаро ёрдам музлатилган, ижтимоий хизматлар тизими кўз ўнгимизда вайрон бўлмоқда. Халқаро ёрдамларсиз Афғонистон аҳолиси яшаб қола олмайди, дейилади хабарда.

БМТнинг огоҳлантиришича, йил ўртасига келиб, Афғонистон бутунлай камбағаллар мамлакатига айланиши мумкин, чунки аҳолининг 97 фоизи қашшоқликка юз тутади. Йил давомида Афғонистон ялпи ички маҳсулотининг 30 фоизини йўқотади, эркак аҳоли ўртасида ишсизлик эса даражаси 29 фоизга етади.

«Мен қаттиқ илтимос қилардимки, Афғонистон халқи қаршисида эшикларни ёпманг, – деди БМТнинг Фавқулодда ёрдамини мувофиқлаштирувчиси Мартин Гриффитс гуманитар ёрдам режасини тақдим этар экан.

«Ҳар қанча қийинчиликларга қарамасдан, гуманитар шериклар ёрдам юкларини жойларга етказмоқда. Бизга ёрдам беринг, ёрдам юкларини кўпайтиришга ва кенг қамровли очарчилик ва касалликларнинг тарқалишига йўл қўймасликка ёрдам беринг», дейилади баёнотда.

    Бошқа янгиликлар