Соғлиқни сақлаш вазири ярим тунда "103" фаолиятини ўрганди. Бу ҳақда ССВ матбуот котиби хабар берди.
Қайд этилишича, “Тез ёрдам” ходимларининг иш юкламаси ва келаётган мурожаатлар сонининг кунма-кун ошиб бормоқда. Масалан, Тошкент шаҳар “103” хизматига 12 январда 4888 та мурожаат келиб тушган.
"Мавжуд вазиятни яқиндан ўрганиш мақсадида соғлиқни сақлаш вазири Б. Мусаев бугун тунги соат 03:00 ларда Тошкент шаҳар тез ёрдам станциясида бўлиб, у ердаги Call-марказ ҳамда тез тиббий ёрдам ходимлари иш жараёни билан танишди",-дея маълум қилинади.
Таъкидланишича, “103” хизматига чақириқлар сони ортгани ва иш юкламаси кўпайиб бораётгани сабабли шу соатнинг ўзидаёқ вазир топшириғи билан қўшимча тарзда 40 та замонавий жиҳозланган тез тиббий ёрдам машинаси ҳайдовчилари билан бирга хизмат тасарруфига бириктириб берилди.
Бундан ташқари, Call-марказ иш самарадорлигини ошириш учун 30 та янги оператор ўрни яратилгани айтилади.
Маълум қилинадики, энди тез ёрдам бригадаларининг тезкорлиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида улар қўшимча 100 дона планшет билан ҳам таъминланади.
Шунингдек, бригадалар учун бугун эрталабдан зарур миқдорда коронавирусга қарши дори-дармонлар бўлган “Covid-box”лар ажратиладиган бўлди.






