1

Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 147 йиллиги муносабати билан илмий-амалий конференция ўтказилди

МАДАНИЯТ 19.01.2022, 18:36
Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 147 йиллиги муносабати билан илмий-амалий конференция ўтказилди

19 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамкорлигида Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 147 йиллиги муносабати билан “Маҳмудхўжа Беҳбудий мероси ва жадид матбуотини ўрганишнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро миқёсдаги илмий-амалий конференциянинг ўтказилиши ҳам мазкур ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Конференция иши Ўзбекистонда журналистика ва коммуникациялар соҳасида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларининг сифати ва самарадорлигини ошириш, Ўзбекистонда масс-медиа соҳасида изланаётган ёш олим ва тадқиқотчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Маҳмудхўжа Беҳбудий меросини ўрганишда маҳаллий ва хорижий олимлар ўртасида ўрнатилган илмий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилди.

Дунё илм аҳлини бир ерга жамлаган тадбир “Маҳмудхўжа Беҳбудий мероси” ва “Жадид матбуотини ўрганишнинг долзарб масалалари” номли сессияларда ўз ишини олиб борди. 

Уни Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа очиб берди. Конференцияда Амстердам минтақавий, трансмиллий ва Европа тадқиқотлари мактаби (АRTES), АҚШдаги Ўрта Шарқ тадқиқоти маркази, Канададаги Карлтон университети Европа, Россия ва Евроосиё тадқиқотлари институти, Германиянинг Фридрих Шиллер номидаги университети, Туркиянинг Анкара университети, Озарбайжондаги Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институти профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчи-мутахассислари қатнашди. 

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Медиа назарияси ва амалиёти кафедраси ташаббуси билан анъанавий ўтказилган конференция ҳақиқий маънода ўзаро фикр алмашиш, янги билимларни ўзлаштириш майдонига айланди. 

Тадбир сўнгида миллатни уйғонишга, маърифатли бўлишга чорлаган Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёт йўли, ижод олами ҳали асрлар давомида келажак авлодга катта ибрат мактаби бўлиб хизмат қилиши таъкидланди. 

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги стипендия таъсис этилган.

 

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1