АсосийСПОРТ

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси 30 ёшда

Шу муносабат билан бугун Миллий Олимпия қўмитасида тантанали тадбир ташкил этилди. Унда Ўз...

'Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси 30 ёшда'ning rasmi

Шу муносабат билан бугун Миллий Олимпия қўмитасида тантанали тадбир ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдухакимов ҳам иштирок этди

Инсониятнинг буюк кашфиётлари қаторида ҳеч муболағасиз турли миллатлар ва элатларни бирлаштирувчи, халқлар ўртасида тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи энг нуфузли спорт анжумани – Олимпия ўйинларини алоҳида тилга олиш жоиз. Тарихи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган ушбу ўйинларнинг нуфузи йилдан йилга ортса ортмоқдаки, асло камайгани йўқ.

Бугун Халқаро Олимпия қўмитаси шафелигида фаолият кўрсатувчи барча мамлакатлардаги Олимпия қўмиталари ўз юртининг шаъни учун жаҳон ареналарида муросасиз рақобат олиб бормоқда. Шу жумладан, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳам.

Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ташкил этилганига роппа-роса 30 йил тўлди. 1993-йил сентябр ойида Швейсариянинг Лозанна шаҳрида ўтказилган Халқаро Олимпия қўмитасининг 101-Сессиясида Ўзбекистон МОҚ нуфузли ташкилот томонидан расман тан олинган ва шундан сўнг вакилларимиз халқаро майдонда фаолият олиб бориш имкониятига эга бўлишди. Шу кундан эътиборан, ўзбекистонлик спортчилар мунтазам равишда ёзги ва қишки Олимпия ўйинларида қатнашиб келишмоқда.

МОҚ бугун мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, олимпизм ҳаракатининг пок ва эзгу ғояларини илгари суриш йўлида кенг кўламда иш олиб бормоқда. Бундан ташқари, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаб, нуфузли спорт ташкилотлари, етакчи спорт державалари билан кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйган.

Шу муносабат билан бугун Миллий Олимпия қўмитаси мажлислар залида тантанали тадбир ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдухакимов, МОҚ раиси Рустам Шоабдурахмонов, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошходжаев, спорт фахрийлари, Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари, Олимпия спорт турлари бўйича федерация ва ассоциацияларнинг масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Тадбирни МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов олиб борди.

Маросимда сўзга чиққан инсонлар Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг шаклланиш жараёнлари, мамлакатимизда Президент Ш.М.Мирзиёев бошчилигида спорт ва замонавий олимпизм ҳаракатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтишди.

Тадбир якунида бир гуруҳ спорт фахрийлари эсталик совғалари ҳамда Туризм ва спорт вазирлигининг “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Таъкидлаш керак, ортда қолган вақт мобайнида Ўзбекистон спортчилари 7тадан қишки ва ёзги Олимпия ўйинларида қатнашиб, уларда атлетларимиз 13та олтин, 7та кумуш ва 21та бронза медалларини қўлга киритишди. Миллий Олимпия қўмитаси халқаро ареналарда, комплекс мусобақаларда муваффақиятга эришиши учун Туризм ва спорт вазирлиги, спорт федерация ва ассоциациялари билан ҳамжиҳатликда иш олиб бормоқда. Терма жамоаларимизнинг йирик комплекс мусобақаларга тайёргарлиги йўлида маҳаллий ва хорижий ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этиши учун барча имкониятлар яратилмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, Туризм ва спорт вазирлиги бугунги байрам муносабати билан спорт турлари бўйича федерация ва ассоциацияларни, терма жамоаларимизни, олимпиячиларимиз ва уларни тарбиялаётган жонкуяр мураббийларни, ўзбек спортининг ашаддий мухлислари, қолаверса Ўзбекистон МОҚнинг барча жонкуяр ходимларини самимий муборакбод этади.

    Бошқа янгиликлар