Ижтимоий тармоқларда Қарши давлат университетда кўплаб дарахтларнинг кесилганлиги тўғрисида фото ва хабарлар пайдо бўлди.
2022 йил 13-15 январь кунлари Давлат экология қўмитасининг давлат инспекторлари томонидан жойига чиқиб ўрганиш ишлари олиб борилди, дея хабар бермоқда Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати.
Ўрганишлар давомида Қарши давлат университети томонидан Ягона давлат интерактив хизматлари портали орқали давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни кесиш учун уч маротаба мурожаат қилинганлиги, ўз навбатида Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан мазкур мурожаатларга рад жавоби берилганлиги маълум бўлди.
Ўрганишлар натижасида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан рад жавоби берилганлигига қарамасдан жами 38 туп дарахт ноқонуний кесилганлиги аниқланди. Ҳуқуқбузарликка алоқадор шахслардан тушунтириш хатлари олинди. Мазкур қонунбузарлик ҳолати бўйича ўсимлик дунёсига етказилган зарар 267 543 000 сўм миқдорида ҳисобланди.
Ҳуқуқбузарликка оид материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилди.






