АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда чақалоқ савдосидаги воситачиларнинг неча фоизи тиббиёт вакиллари экани маълум қилинди

Одам савдоси бутун дунёда инсониятни қийнаётган глобал муаммолардан бири. Ҳар йили 3 милли...

'Ўзбекистонда чақалоқ савдосидаги воситачиларнинг неча фоизи тиббиёт вакиллари экани маълум қилинди'ning rasmi

Одам савдоси бутун дунёда инсониятни қийнаётган глобал муаммолардан бири. Ҳар йили 3 миллионга яқин киши одам савдосининг янги қурбонларига айланмоқда. Одам савдоси ва коррупцияга қарши кураш мавзуларида қонунчиликдаги ўзгаришлар, жавобгарлик чоралари, мазкур жиноятларнинг олдини олиш  чоралари юзасидан Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди томонидан “Биллур” МФЙда давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар қилди...

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш таъкидлаганидек, одам савдосидан биринчи навбатда аҳолининг энг заиф қатламлари жабр кўради, жиноятчилар тўрига кўпинча мигрантлар тушиб қолади, жиноятчилар давлатлар фаолиятидаги заифлик ва бўшлиқлардан фойдаланади. 

2017-2020 йиллардаги ҳолатлар таҳлилига кўра, ўз чақалоғини сотган аёлларнинг 31 фоизи бу ишга оғир ижтимоий-иқтисодий вазият туфайли, 17 фоизи ҳомилани яширишга ҳаракат қилгани учун, 52 фоизи эса моддий манфаат топиш йўлида қўл урган. Бу ҳақда Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилишида маълум қилинди.

2020 йилда мамлакатимизда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида муҳим қадамлар қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ва унинг “Йўл харитаси”да одам савдосидан жабр кўрган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш вазифаси белгиланди. 

2020 йил 17 августда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди. 

2021 йил 8 февралда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш ва қайта йўналтириш, шунингдек уларнинг ижтимоий реабилитация ва ёрдам кўрсатиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси юзасидан таклифлар тақдим этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 14 сентябрдаги “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш бўйича Ўзбекистон таклифи одам савдоси муаммосини бартараф этишда муҳим қадам бўлди. Ўзбекистонда “Одам савдосини, айниқса аёллар ва болалар савдосини олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда улар учун жазолаш тўғрисида”ги Палермо протоколи қабул қилинганлигининг 20 йиллиги кенг нишонланди.

Юртимизда одам савдосига оид ноқонуний ҳаракатларга қарши тадбирлар, давлат ва жамоат органлари томонидан бажариладиган энг муҳим вазифалар йўлга қўйилган. Ўзбекистон инсонпарвар демократик давлат сифатида умумэътироф этилган халқаро норма ва қоидаларни ўз миллий ҳуқуқ тизимига кенг жорий қилиш йўлини тутади.

“Ўзбекистонда 2020 йилга келиб одам савдоси жиноятлари 6 бараварга камайган. Масалан, 2012 йилда 574 та одам савдоси билан боғлиқ жиноят қайд этилган бўлса, 2019 йилга келиб бу кўрсаткич 94 та, 2020 йилда эса 74 тагача камайган. Бироқ таҳлиллар ушбу даврда чақалоқлар ва болалар савдоси улуши ҳар йили сурункали равишда ошиб бораётганини кўрсатади.

Чақалоқ савдоси одам савдоси жиноятини хавфли кўринишидир. Албатта бу каби жиноятни содир этган шахсларга жиноят ишлари қўзғатилиб, айблов хулосаси билан тегишли тартибда судга оширилиб, чақалоқни сотганларга ҳам, уларни сотиб олганларга ҳам, шунингдек, ўртада воситачилик қилганларга ҳам қонуний чоралар кўрилмоқда. Ачинарлиси воситачиларнинг 32 фоизи тиббиёт вакилларини ташкил қилган.

Ҳозирги жиноятлар таҳлилидан келиб чиқсак, расмий никоҳ орқали оила қурганлар эмас, кўпинча, никоҳсиз туғиб қўйган қизлар фарзандларини сотиши ҳолатлари аниқланган. Ҳомиладор бўлиб қолганини ота-онасидан яширади, маҳалла-кўйдан яширади. Бошқа вилоят ёки шаҳарга бориб болани туққач, туғдиришга ёрдам берган воситачилар орқали болани сотиш ҳолатлари кўп. Чақалоқ савдосининг кўпайиб бораётганига аксарият ҳолларда боланинг онаси ижтимоий ҳимояланмагани, моддий кўмакка муҳтожлиги ёки турмуш қурмаган қизларнинг ҳомиладорлигини оиласидан яширишга уриниши сабаб бўляпти. Бундан ташқари, у фарзанд кўрмаган оилаларда чақалоқларни сотиб олишга эҳтиёж катталиги, болани сотишдан юқори моддий манфаат топиш имкони мавжудлиги, она ҳомиладор бўлган вақтдан бошлаб бола туғилгунга қадар ўтган вақт орасида чақалоқ савдосига йўл қўймаслик бўйича самарали механизм ва қонунчилик базасининг йўқлиги ҳам ушбу муаммонинг илдиз отишига замин яратяпти.

Чақалоқ савдосини олдини олиш мақсадида судлар томонидан меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда профилактика мақсадида йиғилишлар ўтказилиб, содир этилган жиноятларнинг сабабларини ва уларнинг оқибатларини фуқароларга етказиб берилиб, уларни бу масалалар бўйича чуқурроқ маълумот олиш имконияти таъминланмоқда”, дейди жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди раис ўринбосари Фотима Исмаилова. 

Бундан ташқари, учрашувда судьялар томонидан жойларда фуқароларимизга коррупция ҳолатлари билан курашиш борасида давлатимиз томонидан амалга оширилган ишлар, бу тоифадаги жиноятларни олдини олиш борасида ҳам маълумотлар берилди. 

- Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг маълум қилинишича, Ўзбекистонда 2021 йилда давлат органлари ва ташкилотларида ишловчи 3050 нафар ходим томонидан 4186 ҳолатда коррупцион жиноят қайд этилган. Ўтган йилда коррупциянинг олдини олишга қаратилган 26 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ҳозирда ушбу ҳужжатларнинг 8 таси қабул қилинган. Шунингдек, 2021 йилда Давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижроси бузилгани оқибатида 142,7 миллиард сўм миқдоридаги моддий зарар етказилгани билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган, ушбу тадбирлар давомида аниқланган коррупция ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим қилиниб, Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан умумий 49 та жиноят иши ва 24 та маъмурий ишлар қўзғатилган. 

Таҳлилларга кўра, 2021 йилнинг ўтган 12 ойи мобайнида 6 294 нафар шахс томонидан 7 953 та коррупцион ҳолат билан боғлиқ жиноятлар содир этилган. Шундан, давлат органлари ва ташкилотлари зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни бажаришга оид 3050 нафар шахс томонидан 4186 та коррупцион ҳолат билан боғлиқ жиноятлар ҳисобга олинган, - деди ЖИБ Юнусобод туман суди раис ўринбосари Фотима Исмаилова. 

Учрашувда ҳуқуқий тарбия бўйича фуқароларни саводхонлигини ошириш ҳамда аёллар, вояга етмаганлар ва ёшларга нисбатан ҳуқуқбузарликни олдини олиш, суд ишларини кўриб чиқишда қонунчиликда бўлган янги ўзгаришлар ҳақида маъруза қилинди. Судья томонидан одам савдоси ва коррупцион жиноятларни олдини олиш ва профилактик ишларни самарали амалга ошириш мақсадида жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди ва прокуратураси ходимлари томонидан тегишли тарғибот ишлари давом эттирилаётгани маълум қилинди.

    Бошқа янгиликлар