Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 август куни Бишкек шаҳрида Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан учрашди.
Мулоқот аввалида давлат раҳбари Покистонни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раисликни қабул қилаётгани билан табриклади.
Суҳбатда Ўзбекистон-Покистон муносабатларини янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, транспорт-логистика соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар жорий йил февраль ойида Шавкат Мирзиёевнинг Исломободга амалга оширган ташрифи ва унинг доирасида ўтказилган олий даражадаги музокаралар икки давлат муносабатларини янги сифат босқичига олиб чиққанини қайд этди.
Учрашувда ҳудудлараро ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, жорий йилда Хива шаҳрида Ҳудудлараро форум ўтказишга тайёргарлик кўрилаётгани, шунингдек, Покистонда Ўзбекистон маданияти ва киноси кунларини ташкил этиш режалаштирилаётгани маълум қилинди.
Шунингдек, тўқимачилик, тиббиёт, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор соҳалардаги қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинди.






