АсосийСИËСАТ

Путин, Си Цзиньпин, Трамп ва бошқа етакчилар Ўзбекистон Мустақиллиги муносабати билан Мирзиёевни табриклади

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари, парламентлар ва халқаро ташкилотлар вакилларидан қутловлар келмоқда.

'Путин, Си Цзиньпин, Трамп ва бошқа етакчилар Ўзбекистон Мустақиллиги муносабати билан Мирзиёевни табриклади'ning rasmi

Қутлов мактубларида Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларидаги тараққиёти, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ижтимоий-иқтисодий соҳада эришилаётган натижалар алоҳида қайд этилган.

Хорижий давлатлар раҳбарлари Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришдаги ролини юқори баҳолаган.

Жумладан, Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистон билан муносабатлар стратегик шериклик ва иттифоқчилик хусусиятига эга эканини таъкидлаган. У Москва ва Тошкент ўртасида барча асосий йўналишларда сермаҳсул ҳамкорлик йўлга қўйилганини қайд этган.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин эса Ўзбекистон сўнгги йилларда тараққиёт йўлида салмоқли муваффақиятларга эришганини таъкидлаб, икки давлат халқлари фаровонлиги йўлида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёрлигини билдирган.

АҚШ Президенти Дональд Трамп Америка халқи номидан Ўзбекистон халқига табрик йўллаб, икки мамлакат ўртасида хавфсизлик, савдо ва инвестициялар, энергетика ҳамда минтақавий боғлиқлик соҳаларида ҳамкорлик кенгайиб бораётганини қайд этган.

Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистонни қардош давлат деб атаб, икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик алоқалари юқори даражага чиққанини таъкидлаган.

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатлари стратегик шериклик ва иттифоқчиликнинг юксак даражасига етганини қайд этган. У чегара масалалари ҳал этилгани, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-транзит ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилганини билдирган.

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳам Ўзбекистон раҳбари ва халқини Мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклаган.

Шунингдек, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Беларусь Президенти Александр Лукашенко, Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси, Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Европа Кенгаши Президенти Антониу Кошта, Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайердан ҳам табрик мактублари келган.

Хорижий ҳамкорлар Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт, энергетика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирган.

Қутловларда Шавкат Мирзиёевга мустаҳкам соғлиқ ва давлат раҳбари сифатидаги фаолиятида муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилаклари билдирилган.

Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари номига Осиё, Европа, Яқин Шарқ ва бошқа минтақалар давлатлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, парламент аъзолари, сиёсат ва жамоат арбобларидан ҳам қутловлар келган.

Қутловлар келиши давом этмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Путин, Си Цзиньпин, Трамп ва бошқа етакчилар Ўзбекистон Мустақиллиги муносабати билан Мирзиёевни табриклади - Darakchi.uz