Жорий йилнинг 29 январь куни Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш бошқармасининг "Facebook"даги расмий саҳифасида хорижий видеоблогерлар томонидан "Индиана Жонс Ўзбекистонда" номи билан суратга олинган қисқа метражли фильм эълон қилинган эди. Бироқ видеода Ўзбекистон тарихидаги муҳим шахслардан бири, Темурийлар давлатининг асосчиси Соҳибқирон Амир Темур - қонхўр босқинчи сифатида келтирилган.
Видео Самарқанд шаҳрида суратга олинган. Унинг кириш қисми шундай бошланади:
“Тимур Тамерлан – дунёдаги энг машҳур босқинчилардан бири бўлиб, у ҳақидаги барча ҳикоялар қонли дарёлар билан тугайди".
Амир Темурнинг салбий қаҳрамон сифатида кўрсатилиши ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва айниқса ўзбек зиёлиларининг йирик эътирозларига сабаб бўлди.
Амир Темур шахси қоралаб кўрсатилган мазкур видеоролик юзасидан Туризм ва спорт вазирлиги муносабат билдирди.
Улар мазкур видео Туризм ва спорт вазирлиги ташаббуси билан суратга олингани ҳақидаги фикрлардан қочишга чақирган.
“Биринчидан, ушбу видеоролик Туризм ва спорт вазирлиги ташаббуси билан тасвирга олинмаган, муаллифлар билан бу бўйича ҳеч қандай келишув ҳам бўлмаган",-дея қайд этилади.
Вазирлик соҳибқирон ҳақида айтилган фикрларга ҳайриҳоҳ эмаслигини билдирди. Бироқ...
"Шундай бўлса-да, қайд этиш жоизки, видеороликларда томошабиннинг эътиборини жалб қилиш учун ҳам "бадиий тўқима" қўлланилган бўлиши мумкин, бу аудиторияни жалб қилиш мақсадида тез-тез ишлатиладиган услубдир. Видеороликнинг ўзини умумий оладиган бўлсак, бу каби видеолар мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини тарғиб қилишда ижобий хизмат қилади",-дейилади.






