1

“Лазги” ҳужжатли филми қатор халқаро кинотанловлар ғолиби бўлди

МАДАНИЯТ 03.02.2022, 11:18
“Лазги” ҳужжатли филми қатор халқаро кинотанловлар ғолиби бўлди

Режиссёр Ихтиёр Бахтиёров томонидан тасвирга олинган “Лазги” ҳужжатли филми қатор халқаро тадбирларда нуфузли мукофотларга муносиб кўрилди. Жумладан, “Art Stream”, “Fifflondon”, “Blackboard”, “Lift-Off Season Awards” va “IFFT” халқаро танловларида Лазги рақси тарихига бағишланган ҳужжатли филм “Рақс ҳақидаги энг яхши ҳужжатли филм” дея тан олинди.  Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги хабар берди. 

“2020 йилги Ёшлар форуми доирасида ёш режиссёр укамиздан таклиф тушди, лойиҳани яхшилаб ўрганиб, уни ҳар томонлама қўллаб қувватладик - вазирлик томонидан лойиҳани амалга ошириш учун зарур маблағ ажратилди ва керакли шароит яратилди. Қисқа фурсат ичида “Лазги” филмининг бундай ютуқларга эришиши давлатимиз раҳбарининг юртимиз маданий меросини асрашга қаратаётган эътибори, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва, албатта, ёшларга яратилаётган шароит натижаси деб биламан. Филм ижодкорларининг кейинги фаолиятига омад тилайман. Юртимиз ривожига ҳисса қўшувчи истеъдодли ёшларимиз кўпаяверсин, биз уларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз”, - дейди Бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов.

“Лазги” ҳужжатли филми Москва шаҳрида ҳар ойда бўлиб ўтадиган “Арт Стреам” кинофестивалида “Рақс ҳақидаги энг яхши қисқа метражли ҳужжатли филм” дея эътироф этилди. Арт Стреам кинофестивали турли мамлакатлардаги барча жанрларда фаолият юритувчи мустақил кинематографистларни қўллаб-қувватлайди.

Шу билан бирга, “Лазги” Лондонда ўтказиладиган “Fifflondon” филмлар танловида “Томошабинлар танловига кўра энг яхши филм” сифатида тан олинган. Ҳар ой мазкур танлов ҳакамлар ҳайъати ёпиқ намойишларда энг яхши бадиий, ҳужжатли ва аннимацион филмлар муаллифларини тақдирлайди.

Бутун дунё кино ишлаб чиқарувчиларини эътироф этишга бағишланган “Blackboard” халқаро кинофестивали бўлиб, унда “Лазги” филми “Рақс ҳақидаги энг яхши ҳужжатли филм” дея тан олинди.  

Ҳиндистоннинг энг яхши филмларга бағишланган “Lift-Off Season Awards” тадбири истеъдодли ижодкорларнинг юзлаб филмларини кашф қилади. Ушбу фестивалда Ўзбекистоннинг “Лазги” филми “Рақс ҳақидаги энг яхши филмлардан бири” сифатида тан олинди.

Бундан ташқари, “Оранге Филм Аcадемй”, Триссурдаги халқаро кинофестивал, Медиатадқиқотлар маркази, Цент-Томас коллежи ва Ҳиндистон халқаро фолклор киноси томонидан ташкил этилган “IFFT” (International Film Festival of Thrissour) тақдимотида “Лазги” “Рақс ҳақидаги энг яхши ҳужжатли филм” дея эътироф этилди.

“Бу филмни ишлаш жараёнида Лазги рақсининг йўқолиб бораётган турларини сақлаб қолиш, уни дунёга намойиш этиш ва шу орқали маданий меросимизга хорижликларнинг эътиборини қаратишни мақсад қилгандим. Тошкентда ўтган Ёшлар форумида Туризм ва спорт вазирига мурожаат қилдим ва улар менинг ушбу ташаббусимни тўлиқ қўллаб қувватладилар ҳамда тезда филмни тасвирга олишга киришиб кетдик. Биздек ёшларни қўллаб қувватлагани, мотивация бергани учун Туризм ва спорт вазирлиги вакилларига ўз миннатдорчилигимни билдираман”, - дейди филм режиссёри Ихтиёр Бахтиёров.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1