Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевга Андижон вилоятининг қатор туманларидан келаётган мурожаатларда айтилишича, мактабларда кундузи етмагандек кечаси ҳам ўқувчи ва уюшмаган ёшларнинг вақтини мазмунли ташкил этиш учун тўгарак ва бошқа тадбирлар ташкил қилиш талаб қилинмоқда экан.Депутат мурожаатларда ўқитувчилардан эрталабдан кечки соат 22:00 га қадар мактабда бўлиш талаб қилинаётгани ҳақида ёзди.
Р.Кушербаев нормал жамиятдаги одам кечаси 22.00да ўз уйида, оила даврасида бўлишини таъкидлаб, "бу кўзбўямачиликлар кимга, нима учун керак ўзи, тушунтирадиган борми?» деган саволни ўртага ташлаган.
Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомиловнинг «Дарё» мухбирига изоҳ беришича, таълим муассасаларидаги тадбирлар давлат раҳбарининг мактаб таълимини ривожлантиришга бағишланган видеоселектрида берган топшириғига асосан маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ҳамда мактаб маъмурияти билан ташкил этилмоқда. Тадбирлар маҳалла етакчилари ва мактаб маъмурияти ҳамкорлигида ташкил этилиб, директорларга тадбирларга умуман ўқитувчиларни жалб қилмаслик буюрилган.
" - Агарда қайси бир директор ўқитувчиларни мажбурласа, унга нисбатан тегишли чора кўрилиши таъминланади. Ижтимоий тармоқларда тарқатилган ўқитувчилардан мактабда эрталабдан кечги 22:00 гача бўлиш талаб этилаётгани ҳақидаги хабарлар асоссиз», — деган у.
Азизбек Миркомилов, шунингдек, ўзининг Facebook’даги саҳифасида ҳолатга муносабатини билдириб, ўқитувчиларга ўз мурожаатини йўллаган.
Ҳурматли ҳамкасблар, ташкил этилаётган барча тадбирлар учун ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бироқ орамизда, бунга ўқитувчилар мажбурланяпти, деб жар солаётган айрим дўстларимиз ҳам борлиги очиғи мени қувонтирди. Чунки иш бор жойда, албатта, камчилик, турли зиддиятлар ва қарашлар бўлади. Ўша дўстларимизга савол «Сиз нимани ҳисобига асосланмаган хабарларни тарқатмоқдасиз? Онлайн дарсни ёки бирон ўқувчини ўзлаштириш жараёнини виждонан назорат қилдингизми? Сизларга иш бўлмасдан фақат гап ташиб, ғийбат қилсангиз... Қани эди таълим сифатига ҳам ана шундай фидойилик билан ёндошсангиз, Андижон таълими юксалармиди? Иш қилмасдан гуруҳлардаги расмларни кимларгадир ташлаб бериб нима фойда кўрасиз?»
Ўзингизнинг ишингизни уддалай олмасангиз ҳеч бўлмаса ишлаганларга халақит бермай туринг. Тадбирлар маҳалла етакчилари ва мактаб маъмурияти томонидан ташкил этиляпти. Виждонли ва диёнатли ўқитувчиларимиз эса ўқувчиларининг ўзлаштириши билан банд. Уларга бошим ерга теккунча таъзимдаман. Камчилик излаётган айрим бекорчиларга эса (устоз дейишга тилинг бормайди) инсоф тилаб қоламан. Группалардаги расмларни ташлашда давом этинг.
Барча умумтаълим мактаблари директорлари маҳалладаги ёшлар етакчиларига қанот бўлинг, уларга ёшлар билан ишлашни ўргатиб мактабларимизни ҳақиқий маънавият ва маърифат ўчоғига, зиё масканига айлантиришда ҳеч ҳам чарчаманглар. Спорт зал ва майдонларимиз, компьютер хоналари доимий ёшлар билан гавжум бўлсин. Сизлардан янги ҳафтада янги ғоя ва ташаббусларни кутиб қоламан.
Айтганч, яна бир қувончли хабар жорий йилнинг 7 февраль санасидан офлайн ўқишга қайтамиз. Ўқитувчи ва ўқувчиларимизни ковид деган балодан асраб, карантин тартиб қоидаларига амал қилган ҳолда иш ташкил этишимиз кераклигини унутманглар. Жамиятимизга фойдамиз тегиб, гўзал фикрлаб, гўзал яшашга ҳаракат қилайлик.
Азизбек Миркомилов, Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи
Халқ таълими бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, белгиланган тадбирларни ўтказилишида ёшлар етакчилари, маҳалла фуқаролари йиғини раислари билан ўзаро ҳамкорликда намунали иш ташкил қилган мактаб раҳбарлари бошқарма бошлиғи томонидан фахрий ёрлиқ ҳамда бир марталик пул мукофоти билан тақдирлаш йўлга қўйилади.






