1

Ўзбекистонда “Animation School” анимация марказлари очилади

МАДАНИЯТ 14.02.2022, 19:54
Ўзбекистонда “Animation School” анимация марказлари очилади

Бугун россиялик таниқли режиссёр Тимур Бекмамбетов Бутунроссия давлат кинематография институти (ВГИК) Тошкент филиали талабалари ва ёш киноижодкорлар билан учрашди. Учрашув “Ўзбекфильм” павильонида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Кинематография агентлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва “Bazelevs Animation” студияси вакиллари томонидан “Animation School” анимация марказлари тармоғи очилиши ҳақида эълон қилинди.

“Бу каби тажриба илк маротаба Ўзбекистонда жорий этилмоқда. Бу борада ўтган йил бўлиб ўтган “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивалида меморандум имзоланган эди. Кейинчалик бизга Татаристон, Қозоғистон ва Пермь қўшилади”, — деди Бекмамбетов.

Таъкидлаш жоизки, анимация студияларини ташкил этиш 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дастурига кўра амалга оширилиши лозим бўлган ишлар қаторига киритилган.

“Лойиҳадан кўзланган мақсад — қўғирчоқ театри актёрлари ва ижодий олий ўқув юртларининг тегишли факультетлари битирувчилари учун “таълим ол ва даромадга эга бўл” концепциясига асосланган ҳолда ўзини-ўзи таъминловчи анимация студияларининг минтақавий тармоғини шакллантиришдан иборат. Мисол учун, Ўзбекистонда лойиҳага Бутунроссия давлат кинематография институти (ВГИК) Тошкент филиали талабалари жалб этилади. Йигитлар аниматорлик касбини аниқ лойиҳа — “Хўжа Насриддин” мультфильми асосида ўрганишади ва унинг барча қаҳрамонларини яратишади. “Хўжа Насриддин” бўлажак аниматорлар учун ўзига хос тажриба майдонига айланади. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши таниқли аниматорлар ва киноижодкорлар раҳбарлигида олинган билим ва тажрибани амалиётда қўллаш имконини беради”, — дея изоҳ берди Бекмамбетов.

Тажриба сифатида яратилаётган мультфильм устидаги ишлар 2023 йилгача давом этиши режалаштирилган. Шундан сўнг, аниматорлар “Bazelevs Animation» студиясининг бошқа лойиҳаларида ишлашни давом эттирадилар.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1