АсосийДУНË

Қорабоғдаги масжидлар қайта тикланмоқда

Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев 13 февраль куни Агдам Жума масжидида Ҳайдар Алиев жамғар...

'Қорабоғдаги масжидлар қайта тикланмоқда'ning rasmi

Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев 13 февраль куни Агдам Жума масжидида Ҳайдар Алиев жамғармаси томонидан амалга оширилган реконструкция ишларининг бориши билан танишди, дея хабар қилмоқда Тренд нашри.

"Бизни катта ишлар кутмоқда. Ушбу ишни иложи борича самарали ва сифатли бажариш учун, албатта, пухта ўйланган ҳаракатлар режаси зарур. Барча шаҳарлар бош режа асосида реконструкция қилинади. Агдам ва Фузулийнинг бош режалари аллақачон тасдиқланган. Ҳозирги вақтда маҳаллий ва хорижий компаниялар бошқа шаҳарлар учун бош режаларни ишлаб чиқмоқдалар. Улар тайёр бўлгач, биз амалий ишларни бошлаймиз”, - деган Илҳом Алиев.

Хабар қилинишича, ҳозирда ишғолдан озод қилинган ерларда 8 та масжидни капитал таъмирлаш, тиклаш ва қурилиш ишлари режалаштирилган. Айни пайтда Агдам Жума масжиди, Шушадаги Юхари Говҳароға, Ашағи Говҳароға ва Саатли масжидлари, шунингдек, Зангилон шаҳрида, Ҳадрут ва Дашалтидаги масжидлар ҳам капитал таъмирланмоқда. Шуша шаҳрида янги масжид қурилиши бошланган. 

“Биз ишлаяпмиз. Биз ҳудди Озарбойжон халқи Ватан урушида тарихий адолатни тиклаб, душманни ўз тупроқларидан қувиб чиқарганидек, Ватанимиз олдидаги бурчимизни шараф билан адо этяпмиз. Шундай қилиб, Озарбайжон ўзининг ҳудудий яхлитлигини тиклади. Мен Агдамга урушдан кейин учинчи марта келишим. Ҳар гал бу ерга келганимда юрагим зирқирайди, чунки Агдамда бирорта омон қолган бино йўқ. Фақатгина томи шикастланган бу кўҳна масжид бор, холос. Бу жой арманлар томонидан таҳқирланган, сигир ва чўчқалар бу ерда сақланган. Арманлар нафақат Озарбойжон халқини, балки бутун мусулмон оламини ҳақорат қилишди. Барча бинолар, барча қишлоқлардаги уйлар, жамоат бинолари арманлар томонидан вайрон қилинган. Бу мислсиз варварлик, вандализм, ваҳшийлик. Бу арман фашизмининг хунук юзининг кўрсаткичидир. Бутун дунё уни кўриб турибди ва кўриши шарт. Чет эл фуқароларини бу ерга таклиф қилишда давом этамиз. Улар келиб, арман вандализми қандай эканлигини кўришади", деган президент Илҳом Алиев.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 28 сентябридан 10 ноябригача Озарбойжон ва Арманистон ўртасида давом этган “44 кунлик уруш”дан сўнг Россия ва мазкур икки давлат ўртасида тузилган “Тинчлик битими” билан уруш тўхтатилиб, Қорабоғнинг бир нечта туманлари Озарбойжонга қайтарилган эди. 

    Бошқа янгиликлар