1

Қорақалпоғистонда қурилиш соҳасида 30 млрд. сўм талон-тарож қилингани аниқланди

ИҚТИСОДИЁТ 17.02.2022, 16:25
Қорақалпоғистонда қурилиш соҳасида 30 млрд. сўм талон-тарож қилингани аниқланди

Бу ҳақда "darakchi.uz"га ДХХ Матбуот хизмати хабар қилди. 

Маълум қилинишича, "2018 йилдаги инвестициявий ва инфратузулмавий лойиҳалар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида"ги ПҚ-3507-сонли Президент Қарорига мувофиқ, 2018-2021 йилларда Нукус давлат педагогика институтининг ўқув биноларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш учун 54,3 млрд. сўм ажратилиши режалаштирилган.  

2018 йилда ўтказилган тендерда «Jayhun Universal Qurilish» МЧЖ ғолиб чиқиб, у томонидан 2021 йилнинг сентябрь ойига қадар барча ишлар амалга оширилиши керак бўлган.

Аммо, зарур маблағлар давлат бюджетидан ажратилганига қарамасдан, режалаштирилган ишлар белгиланган муддатда якунига етмаган.

Аниқланишича, пудратчи «Jayhun Universal Qurilish» МЧЖ ва буюртмачи ҳисобланган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси мансабдор шахслари ўзаро тил бириктирган ҳолда, тегишли ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан 12,7 млрд. сўм миқдордаги пул маблағларини талон-тарож қилишган.

Аниқланган ҳолат юзасидан «Jayhun Universal Qurilish» МЧЖ ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 167 ва 209-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бошқа ҳолатда эса буюртмачи «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ инжиниринг компанияси Қорақалпоғистон филиали ва 7 та пудратчи ташкилотлар мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, 2020 йилда Қорақалпоғистон Республикасида кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун ажратилган бюджет маблағининг 17,5 млрд. сўмини талон-тарож қилганликлари аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ҳам қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1