Тожикистонда 2021 йилда АФғонистон орқали кириб келган 4 тонна гиёҳванд модда мусодара қилинган.
Бу ҳақда Тожикистон гиёҳванд моддалар назорати агентлиги директори Хабибулло Воҳидзода маълум қилди, дея ёзмоқда "Замон" нашри.
Унинг сўзларига кўра, бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 68.45 фоизга кўп. 2021 йилда Афғонистонда жами 320 тонна героин етиштирилгани қайд этилди.
Вохидзода чегарани кучайтиришни таклиф қилган. Бундан кўзланган мақсад фақат наркотиклар контрабандасини тўхтатиш эмас, балки қурол кириб келишининг ҳам олдини олиш.
Тожикистон яқин вақт ичида бу масалани донор давлатлари билан муҳокама қилмоқчи.
Маълумот ўрнида: "Толибон" ҳаракати ҳокимиятни эгаллагандан кейин Афғонистонда гиёҳванд моддалар етиштиришни бутунлай йўқ қилишга ваъда берган. Аммо экспертлар бунга ишончсизлик билан қарамоқда. Айрим маълумотларга кўра, толиблар даромадининг катта қисми наркотиклар савдосидан келади. БМТ бу 400 миллион доллар атрофида эканини маълум қилган.






