1

Кобулда Ўзбекистон ва Афғонистон делегацияларининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди

ИҚТИСОДИЁТ 23.02.2022, 09:02
Кобулда Ўзбекистон ва Афғонистон делегацияларининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди

Кобул шаҳрида Ўзбекистон ва Афғонистон делегацияларининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Айи дамда вазирлик бу ҳақда хабар бермоқда. Қайд этилишича, Ўзбекистон томонига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, Афғонистон томонига эса Афғонистон муваққат ҳукумати раҳбарининг ўринбосари Абдул Ғани Барадар бошчилик қилган.

Учрашувда инвестициялар, савдо, транспорт ва логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ўзбек-афғон ҳамкорлиги юзасидан фикр алмашилган.

Афғон томони мамлакатда хавфсизликни таъминлаш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани тиклаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берган.

"Термиз - Мозори-Шариф - Кобул - Пешавор" транс-афғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланмоқда. Томонлар лойиҳани ҳаётга татбиқ этишнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилиб, мавжуд барча масалаларни биргаликда ҳал қилишга тайёр эканликларини билдиришган.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон компанияларини инфратузилмани қуриш ва тиклаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва табиий ресурсларни қазиб олиш бўйича қўшма лойиҳаларда иштирок этишга жалб қилиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилгани айтилади. Яқин келажакда ўзбек – афғон савдо-иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича Тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда уни амалга ошириш бўйича биргаликда иш олиб боришга келишилган.

Шунингдек, томонлар яқин орада ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва икки давлат ҳудудлари орқали транзитни кўпайтириш механизмларини ишлаб чиқишга келишиб олишган.

"Учрашув чоғида икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари алоҳида йўналишлар кесимида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича таклифларни илгари сурдилар ва юзага келаётган масалаларни ҳал қилишни тезлаштириш мақсадида икки томонлама алоқаларни фаоллаштиришга тайёр эканликларини билдирдилар",-дейилади хабарда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1