1 январдан амалиётга жорий этилган кешбек тизими истеъмолчилар орасида тобора оммалашиб бормоқда. Буни чоп этилаётган чеклар сони ва йиғилаётган кешбек суммаси мисолида кўриш мумкин.
Ушбу амалиёт доирасида дастлабки 86,7 минг нафар истеъмолчига 15,1 млрд сўм кешбек тўлаб берилди. Бу ҳақда Давлат Солиқ қўмитасининг Ахборот хизмати маълум қилди.
Хабарга кўра, ўтган ой мобайнида 276 302 та харид чекига ҳисобланган яна 5,4 млрд сўмдан ортиқ кешбек тўланмасдан қолмоқда.
Бунга 17 517 та тадбиркорлик субектларининг солиқ ҳисоботларидаги камчиликлар сабаб бўлмоқда:
- 2 763 та тадбиркор (ҳисобланган кешбек 2,6 млрд сўм) ҳисоботларида чек маълумотлари тўлиқ акс эттирилмаган;
- 12 406 та тадбиркор (ҳисобланган кешбек 1,4 млрд сўм) умуман ҳисобот топширмаган;
- 2 348 та тадбиркорнинг 1 млн сўмдан юқори солиқ қарзи мавжуд (ҳисобланган кешбек 1,4 млрд сўм).
Тадбиркорлик субектлари томонидан солиқ ҳисоботлари топширилиши, камчиликлар тузатилиши ҳамда уларнинг қарздорлиги камайиши бўйича кунлик ўзгаришлар реал вақт режимида инобатга олиниб, ҳисобланган кешбек суммаси тасдиқланади.
Истеъмолчилар диққатига! Харидни амалга оширганда чек талаб қилинг ва харид суммасидан 1 % кешбекка эга бўлинг.
Кешбек чекни рўйхатдан ўтказган шахсга ҳисобланади.
Ҳурматли фуқаролар, харид чекларини талаб қилиб савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш соҳасида жамоатчилик назорати ўрнатилишига ўз ҳиссангизни қўшинг, бундан манфаатдор бўлинг ва ҳуқуқларингиз посбонига айланинг!






