Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир туманидаги “Белтов” овул фуқаролар йиғинида бўлди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Бу ерда мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Туман марказидан 40 километр узоқда жойлашган ҳудуднинг илгари шароити оғир эди. “Обод қишлоқ” дастури асосида қурилиш, таъмирлаш ишлари амалга оширилгач, овул қиёфаси ўзгарди.
Фуқаролар йиғини идораси, маданият маркази, шифокорлик пункти, мактабгача таълим муассасаси капитал таъмирланди. Ҳаммом қурилди. Янги қувурлар тортилиб, ичимлик суви таъминоти яхшиланди. Кўчаларга қум-шағал аралашмаси ва қора қоплама ётқизилди. “Оржап” каналида пиёдалар кўприги қурилди, йўлаклар, ариқлар тартибга келтирилди. 5 километр электр тармоқлари янгиланиб, трансформатор ўрнатилди.

Шавкат Мирзиёев овулдаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Аҳоли билан мулоқот қилди.
– Охирги йилларда Қорақалпоғистонга алоҳида эътибор бериб, катта куч ва ресурсларни жалб этганимиз ўз натижасини бераяпти. Одамлар йўлимиз тўғрилигига ишонди. Энди янги марралар қўйганмиз. Қорақалпоғистонга ҳамма раҳбарларни олиб келдик. Бунақаси тарихда бўлмаган. Улар маблағи, жамоаси билан келиб, аниқ лойиҳалар ишлаб чиқаяпти. Тахтакўпирнинг ҳам аввалги мавқеини тиклашимиз зарур, - деди Президент.

Давлатимиз раҳбари аёллар турмушини яхшилаш масаласига алоҳида тўхталди.
- Юртимизда аёллар кўз ёши тўкмайдиган жамият қуришимиз керак, - деди Шавкат Мирзиёев.
Шу ерда ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан ҳам мулоқот бўлди. Улар маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этиш, бандликни таъминлаш борасидаги таклифларини билдирди.
Президентимиз шу ерда журналистлар билан ҳам суҳбатлашди.
Шундан сўнг Шуманай туманига ташриф буюрган Шавкат Мирзиёев тумандаги “Шуманай экотекс” корхонаси фаолияти билан танишди.

2020 йилда ишга туширилган ушбу корхона 7 минг тоннадан зиёд ип-калава тайёрлаш қувватига эга. Ўтган йили 51 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, қарийб 5 миллион долларлик экспорт қилинган.
Шу пайтгача ҳудуддаги энг катта муаммо ишсизлик эди. Мазкур корхона аҳоли, айниқса, хотин-қизларни доимий иш билан таъминлашда муҳим бўлди. Бу ерда 500 та иш ўрни ташкил этилган.
Давлатимиз раҳбари ишлаб чиқариш жараёни ва маҳсулотларни кўздан кечирди, ишчилар билан суҳбатлашди. Мутасаддиларга корхонада пахтани қайта ишлашнинг кейинги босқичларини ўзлаштириш бўйича кўрсатма берилди.
- Бу маъқул. Лекин туманда ишсизлар бўлмаслиги учун бундай корхоналар уч-тўртта бўлиши керак. Саноатнинг бошқа йўналишларида ҳам лойиҳалар топиш зарур, - деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ерда тумандаги “Баҳром Илғор Кластер” масъулияти чекланган жамияти ҳақида маълумот берилди. Кластернинг 743 гектар ери лазер орқали текисланган. Шундан 100 гектарида ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий этилган.
- Аҳолига даромад манбаи яратиш, ялпи ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ҳаракат қилаяпмиз. Бунинг учун нима керак? Аввало, сув керак. Қорақалпоғистонда сув ва ер ҳисоби долзарб. Агар саранжом қилиб, иқтисод қилиб фойдаланилса, сув етади. Бунинг учун қишлоқ хўжалиги маданиятини ошириш, инновацион технологияларни жорий этиш керак, - деди Президент.
Шуманай туманига бириктирилган Хоразм вилояти тадбиркорларининг инвестиция лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди.






