АсосийЖАМИЯТ

Тошкентдаги қурилишда танасига иккита арматура кириб кетган хоразмлик 17 ёшли йигит (видео)

Аввалроқ, пойтахтга ишлаш мақсадида келган хоразмлик 17 ёшли бола қурилиш объектидан йиқил...

'Тошкентдаги қурилишда танасига иккита арматура кириб кетган хоразмлик 17 ёшли йигит (видео)'ning rasmi

Аввалроқ, пойтахтга ишлаш мақсадида келган хоразмлик 17 ёшли бола қурилиш объектидан йиқилиб, танасига иккита арматура кириб кетгани ва у жиддий жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказгани ҳақида хабар берилган эди. Куни кеча, беморга шифохонадан уйига жавоб берилди. 

Бир неча кун аввал эса "darakchi.uz" пойтахтдаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказга 17 ёшли Русланбекнинг аҳволидан хабар олгани ва воқеа тафсилотларини билгани ташриф буюрди. Жуда жиддий жарроҳлик амалиётини бошидан кечирганига қарамай, у ўзига келиб, ҳатто суҳбат жараёнида иштирок эта олгани бизни қувонтирди. Аммо... ушбу воқеа юзасидан бизни ўйлантирган ва масъулларга кўндаланг қўйиладиган саволлар ҳам йўқ эмас...

“15 ГА ЯҚИН ШИФОКОР 5 СОАТ ДАВОМИДА ОПЕРАЦИЯ ҚИЛДИК”

Аввало беморнинг ҳолати ҳақида маълумот олиш учун шахсан операция жараёнида иштирок этган ва бугунги кунгача Русланбекнинг соғлигини ўзи назорат қилиб турган шифокор билан суҳбатда бўлдик.

Собиржон НАСИМОВ, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, болалар жароҳатлари хирургияси ва нейрохирургия бўлими олий тоифали шифокори:

  • Бемор Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази қабулхонасига қачон ва кандай ҳолатда олиб келинди, келган вақтида қандай диагностик текширувлар ўтказилган?Беморга  бундай мураккаб жарроҳлик муолажасини ўтказишда қийинчиликлар бўлмадими? 
  • 20 декабрь санасида соат 11.00 лар атрофида бемор бизнинг клиникамизга олиб келинди. Беморнинг олиб келингандаги аҳволи ўта оғир эди. Беморни олиб келган  ўртоқларининг сўзидан, 40 мин олдин, ўзи ишлаётган қурилиш биносининг 2 чи қаватидан 1чи қаватдаги бетон юзага қотирилган 15 мм лик метал арматўраларнинг  устига йиқилиши ва 2та арматуранинг танага сенчилиб кириб кетиши натижасида жароҳат олганлиги аниқланди. Бемор шок залида марказимиздаги барча мутахассислар томонидан кўрилиб, бош мия, бўйин, кўкрак ва бел умуртқа сохалари, кўкрак қафаси, қорин бўшлиғи аъзолари МСКТ, ҳамда қорин бўшлиғи ва кўкрак қафаси аъзолари ултратовуш текширувлари ўтказилганидан сўнг, бизнинг клиникамиз бир гуруҳ шифокорлари, яъни 15 га яқин малакали шифокорлар иштирокида, 5 соат дан ортиқ вақт давомида жарроҳлик амалиётлари бажарилди. Ҳозирги кунда ўтказилган даво чоралари натижасида беморнинг умумий ахволи кониқарли, хуши аниқ, гемодинамик кўрсаткичлар стабил, даволаниш касалхона шароитида давом этирилмоқда.
  • Операция жараёнида четдан, яъни бошқа шифохоналардан мутахассис чақиришга зарурат бўлдими?
  • Йўқ, операция жараёнида четдан мутахассис чақиртиришга ҳеч қандай зарурат бўлмади. Чунки Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказимизда, шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатишга керакли бўлган барча йўналишлар бўйича барча мутахасислар мавжуд.

 

“АМАЛИЁТИМ ДАВОМИДА БИРИНЧИ МАРТА...”

  • Собир ака, ўзингиз таъкидлаганингиздек, Русланбек билан амалга оширилган жарроҳлик амалиёти мураккаб турдаги ҳисобланади. Худди шундай турдаги операция бундан олдин ҳам тажрибангиз давомида бўлганми?
  • Бизнинг марказимиз шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази бўлганлиги сабабли Республикамизнинг барча вилоятларидан ва Тошкент шаҳридаги барча шифохоналардан турли хилдаги тез тиббий ёрдамга мухтож бўлган оғир ва ўта оғир ҳолдаги беморлар, турли ҳилдаги тан жарохати олган, йўл транспорти ходисасидан сўнг, баладликдан йиқилиши натижасидаги жарохатлардан сўнгги жуда оҳир холатдаги беморлар келади. Лекин худди шу холатдаги, яъни бутун танасига метал арматура  кириши натижасида оғир жарохат олган бемор ва ундабажарилган мураккаб жароҳлик амалиёти менинг 20 йиллик амалиётимда биринчи мар та учраши ва ўтказилан жарроҳлик амалиёти  жуда ноёб ва мураккаб жарроҳлик амалиёти ҳисобланади.
  • Русланбек яна операция қилиниши мумкинми?
  • Йўқ, Русланбекда хозирги вақтда хеч қандай жарроҳлик амалиёти учун зарурият мавжуд эмас. Бугунги кунда металл арматура натижасида беморга етказилган барча жароҳатлар бирламчи битган, тананинг барча қисмидаги жарроҳлик амалиётининг жарохатлари ҳам барчаси бирламчи битган. Аҳволи қониқарли.

 

“БУ ЕРГА ЕТИБ КЕЛГУНИМГАЧА ЙИЛЛАР ЎТИБ КЕТГАНДАЙ ТУЮЛДИ”

Шундан сўнг бугунги кунда Русланни парваришлаб, кун-у тун унинг ёнида бўлаётган онасини суҳбатга тортдик.

Рая РАЖАПОВА, Русланбекнинг онаси:

  • Ўша кунни эслай оласизми? Бу хабарни кимдан эшитгандингиз?
  • Ўша кунни эслаш мен учун бироз оғир. 20 декабрь куни эди... Бизга бу хабарни ўзимнинг аммам айтди. Тошкентдан у кишига қўнғироқ бўлган ва ўғлим билан шунақа ҳолат юз берганини аммамга айтишган. Аммам кечки соат бешларда хабарни бизга етказди. Операциялар бошланиб кетгандан кейин эшитганмиз. Хоразмдан келишимиз масофа узоқлиги ҳисобига бироз чўзилиб кетди. Хўжайиним бир кун олдин етиб келган. Мен эртаси куни келдим. Бу ерга етиб келгунимгача йиллар ўтиб кетгандай туюлди. Келганимда ўғлим кўзини очган экан. Уни кўриб қувондим. Аввал реанимация бўлимида ётдик, кейин аҳволи бироз ўнглангач, бизни алоҳида хонага ўтказишди. Қарийб икки ойдирки, шу ерда даволаняпмиз.

“ТАНАСИДАГИ АРМАТУРАНИ ОЛИШДА ТИҒ ТЕГМАГАН ЖОЙИ ҚОЛМАГАН...”

  • Русланбекнинг ҳозирги ҳолати қандай?
  • Ҳозир аҳволи анча яхши. Операциядан кейинги аҳволи жуда оғир эди. Фақат сунъий нафас ускунаси орқалигина нафас олар, арматурани олиш жараёнида деярли танасининг тиғ тегмаган жойи қолмаганди. Арматурани чиқариб олиш учун дўхтирлар кўкрак, бўйин ва сон қисмларини кесишга мажбур бўлишган. Лекин ҳозир ўғлим анча ўзини тутиб олди. Ўзи нафас оляпти. Фақат танасининг кўкракдан паст қисми ишламаётгани бизни ўйлантириб қўйди.

“ЯНГИ ЙИЛ БАЙРАМИДА ҲАММАМИЗ УЙДА БЎЛАМИЗ, ДЕБ ҚУВОНГАНДИМ...”

  • Ўғлингиз пойтахтга ишлаш мақсадида келганидан хабарингиз бормиди?
  • Пойтахтга ишлаш мақсадида келганди. Лекин мен ишлашига бошидан қаршилик қилганман. Тўғри, оиламизда моддий етишмовчиликлар бўлиб туради, лекин шундай бўлса-да, мен фарзандларимнинг ўсмир ёшида бунақа оғир ишларда ишлашига рухсат бермаганман. Тошкентга ўртоқлари билан келган. Менга айтмай уйдан чиқиб кетган. Бу ерга келгандан кейин хабарлашдик, унга ишламаслигини, уйга қайтишини айтдим. Хўп, 5-10 кунда қайтаман, деганди. Ўша воқеа содир бўлган куни ҳам эрталаб соат 10 ларда ўғлим билан телефон орқали гаплашгандим. Уйга қайтаман, деганди менга. Янги йил байрамида ҳаммамиз уйда бўламиз, деб қувонгандим... Ҳозир фақат яхши инсонлардан моддий ёрдам сўраяпмиз. Чунки эндиликда ўғлимнинг оёқлари ҳаракатга келиши учун реабилитация жараёнини бошлашимиз керак экан. Улар пуллик муолажалар. Ҳозирги кунда турмуш ўртоғим ҳам, мен ҳам ишсизмиз...

 

“ОПЕРАТОРЛИК ВА МОНТАЖ ИШЛАРИГА ҚИЗИҚАМАН”

Ўша кунги воқеани эслашни хоҳламаган Русланбекни ортиқча уринтириб қўймаслик мақсадида унинг қизиқишлари ва келгусидаги режаларини сўрадик.

Русланбек СИДДИҚОВ, бемор:

  • Операторлик соҳасига қизиқаман. Монтаж жараёнлари ҳам менга жуда ёқади. 3 йилдан бери ёз ва куз ойларида Хоразмда устозим билан тўйларда, ҳамюртларимизнинг яхши кунларида хизмат қилардик. Худо хоҳласа, тезроқ оёққа туриб кетсам, бу соҳанинг энг яхши мутахассиси бўлмоқчиман.

МАСЪУЛЛАР НИМА ДЕЙДИ?

Абдувохид Шарапов - Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси  бошлиғи ўринбосари:

  • Қурилиш объектларида ёлланма ишчиларнинг хавфсизлиги қандай таъминланиши керак? Бу бўйича қонунда қандайқарор ёки нормалар белгиланган?
  • Ўзбекистон Республикасида иш ва хизматлар кўрсатиш фуқаролик ҳамда меҳнат ҳуқуқи нормалари билан тартибга солинади. Меҳнат шартномаси ходим ва иш берувчи ўртасида меҳнат муносабатларини юзага келтиради ва меҳнат қилишга оид муносабатлар меҳнат қонунчилиги билан белгиланади. Меҳнатни муҳофаза қилишга оид муносабатлар эса “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун ва норматив ҳужжатлар билан тартибга солинган бўлиб, қурилиш объектларидаги ёлланма ишчиларнинг хавфсизлиги таъминланиши, тартиб-таомили Қурилиш меъёрлари ва қоидалариҚМҚ 3.01.02-00 “Қурилишда хавфсизлик техникаси”да белгилаб қўйилган.

ОҒЗАКИ КЕЛИШУВ БИЛАН ЁЛЛАНГАН ИШЧИЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ҚАНДАЙ ҲИМОЯ ҚИЛИНАДИ?

Қурилиш объектида йиқилиб танасига иккита арматура кириб кетган 17 ёшли хоразмлик беморнинг ўзи ва онаси билан суҳбат жараёнида маълум бўлдики, Русланбек қурилиш объектидаги раҳбарлар билан расмий тарзда эмас, балки оғзаки келишув асосида ишлаган. Қарийб икки ойдан буён оғир аҳволда ётган бемор қурилишда хавфсизлиги таъминланмаганлиги юзасидан на ўзи, на ота-онаси бирор-бир масъул органларга мурожаат қилишмаган. Хўш, бундай вазиятда меҳнат хавфсизлигини таъминламаган иш берувчилар жазодан қутулиб қоладими? Етказилган зарар қопланмайдими?

Аброр ЭЪЗОЗХОНОВ, Мадад ННТ бош мутахассиси:

  • Савол мазмунида кўриниб турибдики, ходим билан меҳнат шартномаси тузилмаган. Оғзаки келишув асосида фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузилган. Шунга алоҳида эътибор бериш керакки, меҳнат шартномаси асосида ишлаш ходимга бир қатор имтиёзлар беради.

👉Хусусан, Меҳнат кодексининг 16-моддасига асосан, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган шароитларда меҳнат қилиш, иш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига ёки мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш шулар жумласидандир.

👉Меҳнат кодекснинг XII боби 2-параграфи («Ходимга етказилган зарар учун иш берувчининг моддий жавобгарлиги»), «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 33-моддаси ҳамда Олий суди Пленумининг 2003 йил 19 декабрдаги 18-сонли «Меҳнат вазифаларини бажариши муносабати билан ходимнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплашга оид низолар бўйича суд амалиёти ҳақида»ги қарорларида ходимнинг соғлиғига етказилган зарар ўрнини қоплаш тартиби белгилаб қўйилган. 

👉Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги 60-сонли қарори билан тасдиқланган «Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш қоидалари»га асосан ходимнинг соғлиғига етказилган зарар ундирилади. 

  • Фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузмаган ходимнинг ҳаётига етказилган зарар ўрнини қопламайдими?
  • Ҳар бир киши, шунингдек, ўзининг соғлиғига ёки мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Бироқ Меҳнат кодекси алоҳида қоидаларни қайд қиладики, уларга биноан иш берувчи томонидан ходимнинг соғлиғига ёки мол-мулкига, у меҳнат мажбуриятларини бажариши муносабати билан етказилган зарарни қоплаш амалга оширилади.

👉2016 йил 22 сентябрдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 26-моддасига асосан, фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар бўйича ишлар бажарувчи шахсларга нисбатан ҳам ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ҳамда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши, касб касаллликлари белгиланган тартибда текширилиши ҳамда ҳисобга олиниши шартлиги белгилаб қўйилган. Фуқаролик кодексининг 1006, 1007-моддаларига асосан, меҳнат шартномаси тузмасдан ишлаган ходимга нисбатан етказилган зарарнинг миқдори аниқланади ва тўлаб берилади.

Бу жавобдан сўнг айни пайтда ҳолат юзасидан иш очилганми, йўқми, деган саволга жавоб олиш учун Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги матбуот котиблари  билан боғландик. Иккиси ҳам ҳолат бўйича иш очилган ёки очилмагани ҳақида маълумот тақдим эта олмади...

ХУЛОСА ЎРНИДА...

Бўлар иш бўлди, ғишт қолипдан кўчди. Бахтсиз ҳодиса туфайли танасининг ярми ишламаётган Русланбек билан боғлиқ воқеалар энди барчамизга сабоқ, масъулларга эса бир “сигнал” бўлиши керак. Ҳуқуқшунос тақдим этган тушунтиришлардан аёнки, жабрланувчилар ҳеч бир ҳуқуқ органига мурожаат қилмаган бўлса ҳам қурилишга масъуллар ва меҳнат ҳуқуқи ҳимоясини назорат қилувчилар бу ҳолат юзасидан ваколатларини ишга солиши керак. Яъни жабрдийда 17 ёшли Русланбекнинг саломатлигига зиён етказилишига сабабчи бўлган ва хавфсизлик чораларини кўрмаган қурилиш корхонасими, тадбиркорми, албатта текширилиши ва керакли жавобгарликка тортилиши шарт! Қурилиш корхонаси ёки тадбиркорлар кўнгилсиз ҳолатлар содир бўлганда оғзаки келишув уларнинг ҳеч қандай жавобгарликка тортилишига  сабаб бўлмаслигидан такрор ва такрор фойдаланишиларига йўл қўйиб бўлмайди! Биз ушбу ҳолат юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Меҳнат ҳуқуқи инспекцияси, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил — Омбудсманни ушбу воқеага эътибор қаратишларини талаб қиламиз ва кейинги жараёнлар бўйича яна мавзуга қайтамиз!

ЭСЛАТМА ЎРНИДА: Русланбекнинг оиласидаги моддий етишмовчилик туфайли бугун у пулли муолажаларни олишга қийналяпти. Орангизда яхши инсонлар, саховатпешаҳамюртларимиз борлигига ишонган ҳолда саҳифа сўнгида онасининг пластик карта рақамини ёзиб қолдирамиз. Тома-тома кўл бўлур, деганларидек, сизу бизнинг эҳсон тариқасида берадиган дейлик бир сўмимиз кимнингдир оёққа туришига сабаб бўлса, ажаб эмас...

9860 1501 0431 9259 (Рая Ражапова)

 

Моҳинур Рустамова, журналист

Беҳруз Ҳамроев, тасвирчи

    Бошқа янгиликлар