Ўзбекистон Про-лигаси иштирокчиси "Бухоро" клуби ўтган йили май ойида жамоани қабул қилиб олган Усмон Тошевнинг маоши ва шартнома имзолашда ўз манфаатларини ҳимоя қилиб чиққани бўйича расмий маълумот берди.
Клуб матбуот хизмати бу борада қуйидагиларни маълум қилиб ўтди.
"Ўтган йилнинг май ойида Усмон Тошев «Бухоро» клуби бош директорлигида иш бошлаган эди, сўнгра жамоа бош мураббийлигини қабул қилди. Клуб бош мураббийига ойлик маош 85 миллион сўм қилиб белгиланади. Ҳа, сиз тўғри ўқидингиз, саксон беш миллион сўм! Aдашмасак, Суперлигадаги баъзи топ клублар бош мураббийларига ҳам бунча катта ойлик маош берилмаса керак. Ҳолбуки, жаноб Тошевнинг «Бухоро» футбол клубининг катта қарздорлигидан хабари бор эди. Мураббийнинг Sports.uz нашрига берган интервюсида айтган гапини эслатишни жоиз топдик: «Мен пулга эътибор қилмайман». Изоҳга ҳожат йўқ, бизнингча.
Клубга биринчи навбатда, Бахтиёр Дадаматов техник директор лавозимига таклиф қилинади ва ойлик маоши 17 миллион сўм қилиб белгиланади ҳамда беш йиллик шартнома имзоланади. Сўнгра Тошев билан бирга Тожикистон терма жамоасида ишлаб келган мураббий Далер Каёсов ва дарвозабонлар мураббийи Aлишер Туйчиев жамоага таклиф қилинади. Ҳар иккала мураббийга беш йиллик шартнома ва 11 200 000 сўм ойлик маош белгиланади.
Ҳозирда ушбу мутахассислар билан рўй бераётган низоли вазиятлар, клуб молиявий аҳволини янада ночор аҳволга туширмоқда. Наҳотки, Бухоро футболини кўтармоқчи бўлган Усмон Тошев шахсан ўзи таклиф қилган ушбу мутахассислар билан келишувга эришишга кўмак бермаса, клуб яна ботқоққа ботаверадими? Ҳар қандай мураббий келиб ишламаган ойлари учун ҳам хоҳлаган суммасини олиб кетаверадими?!
Дадаматов ҳамда Каёсовга жами 255 миллион сўм тўлаб берилди. Бу пуллар эвазига клуб тизимида ишлаб келаётган ишчи, қоровул, ҳайдовчи ва бошқаларнинг маошларини тўлаб бериш мумкин эди. Тожикистонлик легионер футболчи Тоҳир Маладўстов «Бухоро» сафида беш учрашувда жами 136-дақиқа ҳаракат қилган. Якунда унга ҳам клубга нисбатан эътироз билдирмаслиги учун 55 миллион сўм тўлаб берилди. Улар билан келишувга эришиш учун ҳозирги раҳбарият ўз чўнтагидан харажат қилиб, Тожикистонга бориб келишига тўғри келди. Бироқ Aлишер Туйчиев мутассадиларнинг Душанбе шаҳрига боришларига қарамай, музокора ўтказишдан бош тортиб учрашувга келмади. Мураббий «Бухоро»дан ФИФA орқали мурожаат қилиб, жами 593 миллион сўм пул талаб қилмоқда. Бу сумма ичида 2025 йил якунига қадар ойлик маошлар ҳисобланган.
Шу жойда савол туғилади, ўзи бу мураббийлар бизга керакмиди?! Ёки Тожикистон футболи биздан илгарилаб кетиб, Европа футболига яқинлашганми? Биз Суперлига йўлланмасини қўлга киритдикми? Йўқ, йўқ ва яна йўқ! Бизга фақат муаммо устига муаммо қўшилди холос. Ва яна Усмон Тошевнинг берган интервюсига қайтамиз: «Ҳар ким ўзини қилмишига, ҳар ким ўзини гапирганига жавоб беради».
Туркманистонлик дарвозабон Рахат Жапаров билан бўлган масалада бош директор Усмон Тошев томонидан берилган кафолат хатда, 10 июлгача қарздорлик тўлаб берилиши кўрсатилган эди. Ваҳоланки, Тошев клуб бухгалтериясидан ва жамоа таъсисчиси «БНҚИЗ» (Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи) жамоага қачон маблағ ажратишидан хабардор эди. Яъни футболчига вақтида пул тўлаб берилмаслиги эҳтимоли юқорилигини Тошев билар эди.
Шундай бўлди ҳам, Жапаров йил якунига қадар ойлик маош ва мукофот пулларига ҳеч қандай машаққатсиз эга чиқди. Клуб дарвозабонга 116 миллион сўм тўлаб берди. Баъзи бир футболчилар билан билан 5 йиллик шартномалар антиқа тарзда тузилди. Унга кўра, Усмон Тошев «Бухоро» бош мураббийлигини тарк этса, ушбу футболчилар автоматик тарзда эркин агентга айланарди. Якунда иқтидорли футболчимиз Беҳруз Шодмонов клубни тарк этди. Ушбу шартномалар тузишда клуб манфаати умуман ўйланмаган», - дейилади «Бухоро» клуби эълон қилган мақолада.
Клуб ўз баёнотида бухоролик мутахассис Усмон Тошевнинг ўз вақтида «Насаф» клубидаги фаолияти шубҳали бўлгани учун тезда ишдан бўшатилгани, «Андижон»да ишлаб яхши ном қолдирмагани ҳақида ҳам маълум қилиб, бундай мутахассисга Ўзбекистон футбол ассоциациясида ишлаш қанчалик ўринли дея савол қўйган.
«Қашқадарё аҳли яхши эслашади, бир пайтлари Усмон Тошев «Насаф» клубида ишлаб у ерда ҳам шубҳали ҳаракатлар қилгани учун, раҳбарият томонидан тезда ишдан бўшатилган эди. «Aндижон» жамоасида ҳам ишлаб, ўзидан яхши ном қолдириб кетмади. Энди бир савол туғилади: шунча ишларга қарамай унга, янада масъулиятли вазифа, Ўзбекистон футбол ассоцияси терма жамоалар бўлимида ишонч билдириш қанчалик ўринли деб ўйлайсиз?", - дейилади хабарда.






