Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Россияни Украина ҳудудида барча йўналишларда кенг кўламли операцияни бошлашга чақирди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram каналида ёзиб қолдирган.
“Аниқ қарор қабул қилиш ва Украинанинг барча ҳудудида кенг кўламли операцияни бошлаш вақти келди. Мен ҳам бир неча бор террорчиларга қарши тактика ва стратегияларни ишлаб чиққанман, жангларда қатнашганман. Ўйлашимча, Украинага ҳужум қилиш бўйича жуда суст тактика танланган. Бу узоқ давом этади ва самарали эмас. Шаҳар ва қишлоқларни бандеровецлар (1940-59 йилларда Степан Бандера томонидан бошқарилган Украина миллатчилар ташкилоти), “Азов” ҳамда бошқа миллатчилардан озод қилишимиз лозим. Ҳарбийларнинг ҳаракатини мувофиқлаштириш, кучларни тўғри тақсимлаш ва ҳал қилувчи ҳужумни амалга ошириш зарур. Бошқа ҳеч нарса керак эмас. Россия мазлум халқ ҳимоясига чиқди ва бунинг натижасида бизга қарши ҳар хил санкциялар қабул қилинди. Европа, Ғарб Россияга зарар етказиш учун ақлга сиғмайдиган барча ишни қилди. Хўш, нега энди тўхташимиз керак? Бошлаган ишимизни охирига етказишимиз ва ортга қарамай, олға интилишимиз зарур. Нима бўлса бўлар. Урушда вайрон ҳам қилинади, ўлдирилади ҳам. Афсуски, буларсиз жанг қилишни иложи йўқ. Аммо агар Украина халқи ва Қуролли кучлари биз билан мулоқот қилишни истамаса, музокараларни четга суриб, нацистлар ва шайтонларга қарши чора кўриш ниятида бўлмаса, биз бошлаган ишимизни зудлик билан якунлашимиз лозим”, дейди Қодиров.
Қодиров гаплари сўнгида, Россия Президенти Владимир Путиндан Чеченистонда кексалар ва болаларни ўлдирган фашистлар ҳамда террорчилар билан жангни тугатиши учун махсус кучларга кўрсатма беришини сўраган.






