Беларусь Марказий сайлов комиссияси (МСК) конституцияни ўзгартириш бўйича референдумнинг дастлабки натижаларини эълон қилди. Бу ҳақда «Deutsche Welle» хабар берди.
Хабарда айтилишича, Лукашенко 20 январь куни конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича 27 февраль куни референдум ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолаган. Референдум маҳаллий вақт билан соат 08:00 да бошланган. Белгиланишича, Беларусь Марказий сайлов комиссияси референдумни ташкил этиш, унинг натижаларининг қонунийлигини таъминлаш ва референдум тўғрисидаги қонунларнинг бажарилишини назорат қилиш учун жавобгардир.
Комиссиянинг маълум қилишича, сайловчиларнинг 65 фоизга яқини мамлакат конституциясини ўзгартиришни ёқлаб, 10 фоизи қарши овоз берган.
Сайлов комиссияси маълумотларига кўра, референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг 78 фоиздан сал кўпроғи иштирок этган. Референдум ҳақиқий бўлиши учун эса сайловчиларнинг камида 50 фоизи иштирок этиши талаб этилади.






