Аввал хабар берганимиздек, Хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш бўйича Президент бошчилигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Амалдаги тартибга мувофиқ, тазйиқ ва зўравонликка учраган аёллар 30 кун муддатга алоҳида ҳимояга олинади. Лекин, бу муддат ўтгандан кейин улар билан ишлаш тизимида бўшлиқ бўлиб қолган.
Бундан буён, аёлларнинг тазйиқ ва зўравонликдан ҳимояси суд томонидан кафолатли таъминланади. Алоҳида ҳимояга олиш бир йилгача муддатга белгиланади.
Бунда:
- маҳалла раиси Аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликни олдини олиш комиссиясига бош бўлади;
- маҳалладаги хотин-қизларга масъул аёл жабрланган аёлларга мотивация беради, турмуш қийинчиликларини енгишни ўргатади, бунга психологларни жалб қилади;
- ҳоким ёрдамчилари бундай оила аъзоларининг бандлигини таъминлайди;
- профилактика инспектори зўравонлик содир этган шахснинг хулқ-атворини ўзгартириш чораларини кўради.
Сенат, Олий суд ва Бош прокуратура билан биргаликда аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликни олдини олишга қаратилган янги тизим яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.






