1

Яқин келажакда Ўзбекистон-Покистон товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард долларга етказилади

ИҚТИСОДИЁТ 03.03.2022, 08:18
Яқин келажакда Ўзбекистон-Покистон товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард долларга етказилади

Икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиясининг 7-йиғилиши бўлиб ўтди.

Исломобод шаҳрида Ўзбекистон Республикаси билан Покистон Ислом Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссияси (ҲК)нинг 7-йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишга Ўзбекистон томонидан Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, Покистон томонидан Бош вазирнинг савдо ва инвестициялар бўйича маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд ҳамраислик қилди, дея хабар бермоқда вазирлик.

Йиғилиш кун тартибига савдо-иқтисодий, инвестициялар, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик, озиқ-овқат хавфсизлиги, таълим, инновациялар, илм-фан, ахборот технологиялари, туризм ва ҳудудлараро алоқалар йўналишидаги муносабатлар каби кенг кўламли масалалар киритилган.

Тадбир ўзаро ҳамкорликнинг турли йўналишларида мавжуд масалаларни ҳар томонлама муҳокама қилиш учун ўзига хос майдон вазифасини бажариб, ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтиришнинг истиқболли йўналишларини аниқлаш ҳамда уларнинг ҳар бири бўйича амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида кейинги қадамларни белгилаш имконини бергани айтилади.

Томонлар икки мамлакат ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим юзасидан келишиш жараёни муваффақиятли якунланганини мамнуният билан қайд этишган Ҳужжат имзоланганидан кейин уни амалга ошириш учун қўшма “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш бўйича якдил фикрга келинган. Шунингдек, яқин келажакда Ўзбекистон-Покистон товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш мақсадида ўзаро савдонинг мавжуд салоҳиятидан фойдаланиш бўйича фаол иш олиб боришга келишилгани маълум қилинди

Икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида саноат кооперациясини чуқурлаштириш чора-тадбирлари кўриб чиқилди. Ўзбекистон ва Покистон ўртасида 2022 йилга мўлжалланган саноат кооперацияси дастурини биргаликда ишлаб чиқишга ўзаро тайёрлик билдирилди. Унга қишлоқ хўжалиги, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, енгил, фармацевтика ва электротехника саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳаларда аниқ лойиҳалар, шунингдек, ушбу лойиҳаларнинг ташаббускорлари ва амалга ошириш муддатлари ҳақида маълумотлар киритилади.

 Шу мақсадда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан Покистон Савдо вазирлиги ўртасида қўшма лойиҳа офисини ташкил қилиш таклиф этилган. 

"Шунингдек, томонлар турли соҳалардаги ютуқларни намойиш этиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга икки мамлакат тадбиркорларини жалб қилиш мақсадида Ўзбекистон ва Покистонда мунтазам равишда саноат тармоқ кўргазмаларини ўтказиш амалиётини йўлга қўйишга келишиб олдилар",-дейилади хабарда.

Шунингдек, тадбир доирасида икки мамлакатнинг олий ўқув юртлари, технопарклар, илмий марказлари, илмий-тадқиқот лабораториялари ва бизнес-инкубаторлари ўртасида алоқаларни ўрнатиш, икки томонлама туризмни ривожлантириш ҳамда ҳудудий ўсиш, рақамли иқтисодиёт, архитектура, урбанизация ва инфратузилмавий ривожланиш соҳаларида тажриба алмашишни назарда тутган ҳолда ҳудудлараро ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилган.

Йиғилиш якунида тадбирда эришилган барча келишувларни акс эттирувчи тегишли баённома имзолангани айтилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1