Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси хабарига кўра, консуллик бўлимининг Call-марказига Украина ҳудудидан Россияга халқаро автомобиль назорат пунктлари орқали ўта олмаётган автомобиль ташувчи ўзбекистонликлардан мурожаатлар келиб тушмоқда. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, келиб тушаётган мурожаатлар асосида рўйхатлар тузилиб, Россия Ташқи ишлар вазирлигига Украина—Россия давлатлараро чегарасида ХАНП орқали транспорт воситаларининг ўтишига ёрдам бериш сўрови билан расмий равишда мурожаат қилинмоқда. Бир вақтнинг ўзида ушбу масалалар бўйича Россия Мудофаа вазирлиги билан ҳам иш олиб борилмоқда.
Айни пайтда Россия томони кўмагида ўзбекистонлик 12 нафар автоташувчи мамлакатга киритилган. Уларнинг 8 нафари Украинанинг Суми вилоятида, 3 та автомобиль Харьков вилоятида, 1 та автотранспорт Россия чегарасидан Украинага ўтувчи «Нехотеевка» нейтрал ҳудудининг назорат ўтказиш пунктида бўлган.






