Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2021 йил 19 ноябрдаги 1079н-сон буйруғи билан тасдиқланган тиббий кўрик ўтказиш, жумладан, чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсда гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва хавфли психофаол моддалар, уларнинг метаболитлари мавжудлиги, ОИВ билан боғлиқ касалликлар бор-йўқлиги юзасидан кимё-токсикологик тадқиқотлар ўтказиш тартибига ўзгартириш киритди.
Мазкур масала бўйича 2022 йил 21 февралдаги 94н-сонли тегишли буйруқ Россия Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинди.
Тасдиқланган ўзгартиришларга мувофиқ, сертификат ва тиббий хулосаларнинг амал қилиш муддати 12 ойгача узайтирилди.
Бундан ташқари, чет эл фуқароларини кўрикдан ўтказишда эндиликда уларнинг илгари диспансеризациядан ўтганлиги ёки тиббий ҳужжатлар билан тасдиқланган профилактик кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотлар инобатга олинади.
Шу билан бирга, бир қатор касалликларни диагностика қилиш учун тадқиқотлар ўтказиш усуллари кенгайтирилди.
Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни истеъмол қилишни барвақт аниқлаш мақсадида мактаб, коллеж ва олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларни профилактик тиббий кўрикдан ўтказиш талабларини инобатга олган ҳолда, 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларни кўрикдан ўтказиш учун зарур бўлган тиббий тадқиқотлар ҳажми қисқартирилди.
Шу тарзда, 13 ёшдан кичик бўлган чет эл фуқаролари учун гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар мавжудлиги юзасидан кимё-токсикологик тадқиқотларни ўтказиш талаби ушбу ҳужжатдан чиқариб ташланди.
Тиббий кўрик доирасида диагностика қилишни талаб этадиган юқумли касалликлар рўйхатидан янги коронавирус инфекцияси чиқариб ташланди.
Тиббий кўрикдан ўтказишнинг янги тартиби, жумладан, қайд этилган ўзгаришлар билан биргаликда кимё-токсикологик тадқиқотлар ўтказиш 2022 йилнинг 1 мартидан кучга киради.






