1

Сардор Умурзаков Швейцария Тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги бош директори билан музокара ўтказди

ИҚТИСОДИЁТ 07.03.2022, 20:20
Сардор Умурзаков Швейцария Тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги бош директори билан музокара ўтказди

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков бугун, 7 март куни Швейцария Тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги бош директори Патриция Данци билан музокаралар ўтказди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) маълумотига кўра, учрашув давомида Швейцария ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида 2022-2025 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастури доирасида амалдаги икки томонлама молиявий-техник ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шунингдек, уни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Швейцария делегацияси раҳбари Ўзбекистон томонидан нисбатан қисқа вақт ичида халқаро ва минтақавий муносабатларни ривожлантириш, барқарор ривожланишни таъминлаш йўналишларида эришилган ижобий натижаларга юқори баҳо берди.

Марказий Осиё билан 2022-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури доирасида Агентлик томонидан 240 миллион доллар ажратилиши маълум қилинди. Томонлар ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиб, янги ҳамкорлик дастури доирасида ишлаб чиқиш учун энг истиқболли лойиҳаларни кўриб чиқдилар.

Шунингдек, касб-ҳунар таълими ва Зарафшон дарёси ҳавзасида сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш йўналишлари бўйича умумий қиймати 31,7 миллион доллар миқдоридаги 2 та лойиҳани амалга оширишни жадаллаштириш юзасидан қўшма чора-тадбирлар кўришга келишиб олинди.

Тадбир якунида устувор йўналишларда молиявий-техник ҳамкорликни чуқурлаштиришга йўналтирилган навбатдаги тадбирлар келишиб олинди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1