Sevimli

Азиз Раметов атрофидаги шов-шувларга ойдинлик ва Саида Раметованинг ҳеч кимга айтмаган яна бир сири (видео)

МАДАНИЯТ 19.03.2022, 15:05
Теглар: Видео, Саида Раметова, Азиз Раметов
Азиз Раметов атрофидаги шов-шувларга ойдинлик ва Саида Раметованинг  ҳеч кимга айтмаган яна бир сири (видео)

Ўзбек кино оламида алоҳида ўрнига эга, халқимизга “қайнона” образи билан севимли бўлган Саида Раметова хонадонида меҳмон бўлдик. Бироз аввал оғир касалликка чалиниб, уни енгиб ўтган, яқинда эса ўғли Азиз Раметовни уйлантирган ва орадан ҳеч қанча вақт ўтмай катта ўғлидан эгизак набиралар кўрганидан боши осмонда актриса бугун бахтли кунлардан сармаст. Суҳбат давомида шов-шувларга бой тўй тафсилотлари, оила ва актриса билан боғлиқ бош­қа саволларга ­ойдинлик ­киритдик.

Сизни кетма-кет қувончли кунларингиз билан табрик­лаймиз. Янги келин ва эгизак неваралар қутлуғ бўлсин!

— Аввало, катта раҳмат. Ҳаммангизга кетма-кет, қўшалоқ, қувончли кунлар насиб қилсин. Биласизми, мен аввалдан эгизак набираларим бўлишини ният қилардим. Чунки бизнинг ҳам, катта келиним Шоҳистанинг ҳам, турмуш ўртоғим Жумадулла Раметовнинг ҳам авлодларида эгизак­лар бор-да. Ўзимда фақат ўғил фарзанд­лар бўлгани учун, Яратгандан доим кўп қиз набиралар сўраганман.  Қизлар барибир бош­қача-да. Шукрки, келиним куни кеча Фотима-Зуҳра набираларимни дунёга келтирди. Ҳеч қаерда айтилмаган бир сирни айтаман. Келиним ҳомиладорлигининг биринчи ойлари бироз ҳадиксирадик. Сабаби келиним қирқ ёшга яқинлашиб қолган-да, уч фарзанднинг онаси, туғруқ қийин кечишидан чўчидик. Лекин шифокоримиз барака топсин, кўнглимизни кўтарди. Мана, бир зумда бир эмас, икки чақалоқни қўлимга тутқазди. Эндиликда катта фарзандим Улуғбекнинг беш нафар боласи бор.

Кўпчилик сизни йигирма йиллик қайнона эканингиздан бехабар…

— Шундай экан! (ҳайратланиб кулади) Чиндан ҳам, мен катта ўғлимни уйлантирганимга йигирма йил бўлиб қолди. Энг катта набирам ўн тўққиз ёшда, у университетда ўқийди. Катта келинимдан ҳам қайнона бўлиб жуда катта нарсаларни талаб қилмайман. Ҳамма нарса меъёрида бўлса яхши-да! У аслида ўзимдан ҳам чаққон, тиним билмайди. Йигирма йил ичида балки шунинг учун ҳам ҳеч сен-менга бормаганмиз. Эркинлик бериш билан биргаликда келиним ишга чиқишидан аввал “Тозаликда гап катта, ҳаммасига улгурсангиз ишланг. Эр, қайнота-қайнонанинг кўнглини олиш, фарзанд тарбияси ҳам бор” деб эслатганман. Ўзим ҳам энди турмуш қурган пайтимда ҳам уй иши, ҳам санъатни эплашга ҳаракат қилардим. Ҳозир шулар ҳақида ўйласам, ўзимга қойил қолиб кетаман. Кўпчиликнинг айтишича, ҳозир Дилноза ­Кубаевага қараб, менинг ёшлигимни эслашар экан. Аёллар агар ўз ишларини яхши кўриб, дангасаликдан қочишмаса, ҳамма нарсага улгуриш мумкин.

Янги келинингиз Шаҳлохонни анчадан буён танир экансиз, обдон синовингиздан ўтганларми, дейман?

— Мен зебигардонларни, чиройли безакли кўйлаклар кийишни жуда яхши кўраман. Келинимнинг иши ҳам мана шу зебигардонлар, безаклар билан боғлиқ. Буни қарангки, ўзи катта келиним Шоҳиста ҳам чиройли либослар тикади. Мана шундай қилиб аввалига улар биргаликда ишлаб юришди. Азиз ҳам уларнинг ишларини реклама қилиб ёрдам беришни бошлади. Мана шу давр ичида биз бир-биримизни озми-кўпми ўргандик.  

Биласиз, халқимиз миш-мишни яхши кўради. Одамлар орасида “Азиз Раметов онасининг кўнглига қараб уйланди” деган гаплар ҳам йўқ эмас.

— Агар Азиз менинг кўнглимга қараб уйланадиган йигит бўлганида 33 ёшгача уйланмай юрмасди. Тўғри, келинга, аввало, мен оғиз солдим. “Мана шу қиз ўзининг одоби, меҳрибонлиги билан менга ёқяпти” деб катта келинимга айтганимда, у ҳам гапларимни тасдиқлади. Буни қарангки, ҳамма оила аъзоларимиз бир овоздан бу қизни мақташди, унга қарши ҳеч ким ёмон фикрда бўлмади. Ке­йин секингина Азизнинг ёнидан ўтдим. Азиз кулганча “Ҳазиллашяпсизми, ойи”, деб кулиб ҳам қўйганди. Орадан кўп вақт ўтмай эса “Совчиликка боринг, ойи”, деб қолди. Ҳайрон бўлиб, келиннинг кимлигини сўрасам, Шаҳлохон ҳақида айтиб қолди. Шундай қилиб Сурхондарёга қараб совчилик учун йўл олдик. ­Биласизми, ­миш-миш­ларга келсак, одамлар доим ­гапирган. Бир пайтлар мен билан Жумадулла Раметовни ҳам “булар ҳали ажрашиб кетади” дея гап тарқатишган эди. Улар орасида биз қолиб, ўзи ажрашиб кетганлар ҳам кўп. Баъзилар “Артистларнинг оиласи узоққа бормайди” дея тез-тез гапиришади. Аммо оилани асраб қолиш масаласи бунга қарамайди. Нима бўлган тақдирда ҳам оилани сақлаб қолишга уриниш керак. Икки инсоннинг ўртасида ҳамма нарса ўтади. Сабр қилсангиз, ёмон кунлар ортда қолади.  

Тақдир сизни бахтли кунлар билан тақдирлашдан аввал синовлари билан ҳам сийлади… Бугун эса дардни енгган аёллар қаторидасиз…

— Тўғри, Яратган мени синади. Шу билан бирга, мени қийин кунлардан олиб ўтди ҳам. Касалликка чалинганимни Туркияда билган эдим. Шунга қарамай даволаниш учун яна Ўзбекистонга қайтдим. Ўзимизнинг шифокорларга ихлос қўйганман. Шифохонада ётганимда бир нарсага эътиборимни қаратдим. У ердаги шифокорлар ҳаммага бир хилда муомала қилишди. Фақат менга, актриса бўлганим учунгина яхши муносабатда бўлишяпти деб ўйласам, бошқаларга ҳам меҳр билан қарашаёт­ган экан. Касал инсон худди ёш бола­дай меҳрга чанқоқ туради. Кўзлари жовдираб ҳаммага умид билан қарайди. Ҳозир бу кунлардан ўтиб олдим, аҳволим яхши. Менга тез-тез дардга йўлиққан аёллар қўнғироқ қилиб, “Сиздан куч оляпмиз. Мотивация беряпсиз” деб ҳам гапиришади. Илоҳим, ҳамма дардли инсонлар шифо топишсин. Ва мен каби кетма-кет бахт­ли онларга етиб юришсин!  

Моҳигул ДИЁРХЎЖАЕВА суҳбатлашди

“Даракчи” газетаси, 12-сон, 2022 йил, 24 март

 

Шарҳлар

"Қўшиқ айтиш муаммо эмас..." Юлдуз Усмонова нега айнан ретро қўшиқлардан иборат концерт бермоқчилигини очиқлади (видео)

16.05.2022, 13:24

Март ойида 15 кун концерт дастурини тақдим этган Юлдуз Усмонова 2 ой ўтиб яна мухлисларини муҳташам саройга чорлаяпти. Бир йилда икки марта ва ораси икки...
Пойтахтда илк бор street-art фестивали: гўзалликдан ҳайратгача...

06.05.2022, 12:51

Юртимизга рассомчилик санъатининг янги йўналишлари кириб келмоқда. Жумладан, street-art йўналиши ҳам ана шундай янги рассомлик тури ҳисобланади. Пойтахтимизнинг "Арcа" мебел салони олдида Ўзбекистондаги биринчи йирик...
Жаҳонгир Ортиқхўжаев шахмат мактаби очиш таклифи билан келган фуқарога Spark совға қилди (видео)

11.04.2022, 12:46

Бир неча кундирки, Тошкент шаҳар ҳокими пойтахтдаги маҳаллаларда ўрганиш ишларини олиб бормоқда ва сайёр қабуллар ўтказмоқда. Ҳоким бошчилигидаги мутасаддиларнинг навбатдаги манзили Сергели тумани бўлди. Бу...
«Андижон» божхона пости бошлиғи ва унинг икки ходими ҳибсга олинди (видео)

07.04.2022, 13:47

Хабарингиз бор, 2022 йил 17 февраль куни Президент божхона тизимини янада ислоҳ қилиш ва коррупциядан холи соҳага айлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказиб,  Давлат божхона қўмитасига...
Кун мавзуси: коронавирус
Об-ҳаво: Ташкент
+16.79° небольшой дождь
Валюта курси
11088.20
USD -42.37
11642.61
EUR -71.2
177.91
RUB 2.69
1