АсосийИҚТИСОДИЁТ

Ўзбекистон хорижий компаниялар ва инвесторлар учун жозибадор ҳудудга айланмоқда

Пойтахтимизда давом этаётган Тошкент халқаро инвестиция форуми дунёнинг 56 давлатидан ташр...

'Ўзбекистон хорижий компаниялар ва инвесторлар учун жозибадор ҳудудга айланмоқда'ning rasmi

Пойтахтимизда давом этаётган Тошкент халқаро инвестиция форуми дунёнинг 56 давлатидан ташриф буюрган экспертлар ва ишбилармонлик муҳити вакилларининг учрашувлари учун муҳокамалар майдонига айланди. 1,5 мингдан ортиқ иштирокчи учун Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган мавзулар муҳокамасига бағишланган бой дастур тайёрланган. Улардан бири хусусийлаштириш дастурини кенгайтиришдир.

Ўзбекистонда хусусийлаштириш жадал суръатларда ривожланмоқда. Хусусан, бу транспорт, энергетика, кимё соҳалари, шунингдек, саноат ва телекоммуникация соҳаларига тааллуқлидир. Вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек, етакчи хорижий компаниялар мутахассислари билан мулоқот доирасида иштирокчилар ушбу йўналишдаги сўнгги тенденциялар билан танишиш, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлардан келган инвесторлар учун очилаётган имкониятларни муҳокама қилиш, шунингдек, хорижий ишбилармонлар иштирокидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун ўсиш нуқталарини аниқлаш имконига эга бўлдилар.

Молия вазирининг биринчи ўринбосари Омонулло Насритдинхўжаев Тошкент халқаро инвестиция форумининг биринчи кунида давлатимиз раҳбарининг маърузасида бугунги кунда Ўзбекистонда хусусийлаштириш амалга оширилаётган энг муҳим жараёнлардан бири эканини таъкидлаганини алоҳида қайд этиб ўтди. Биз ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқдик, бунда ялпи ички маҳсулотдаги хусусий сектор улушини 80 фоизга етказиш мақсад қилинган. Йирик хусусийлаштириш лойиҳалари фақатгина жаҳон амалиётига мос равишда амалга оширилмоқда. Бугунги кунда давлат томонидан 1,5 мингга яқин активлар сотувга қўйилган бўлиб, уларнинг ҳар бирини якка тартибда сотиш жараёнини кўриб чиқяпмиз. Аҳамияти кам бўлмаган бошқа активлар ҳам маълум индивидуал стратегияга мувофиқ сотилади.

— Ўзбекистон хорижий компаниялар ва инвесторлар учун жозибадор ҳудудга айланмоқда. Айрим қийинчиликларга қарамай, мамлакатимизда инвесторларнинг ишлаши учун зарур шарт-шароитларни яратишга ҳаракат қилмоқда. Уларни қизиқтирган асосий масала – барқарорлик», – дейди Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Шуҳрат Вафаев. – Биз қонунчилигимиз қанчалик адолатли ва барқарор эканлигини кўрсатишимиз керак. Шу боис биз уларга фаолиятида ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги ҳақида кафолат беряпмиз. Инвестор шартнома имзолаганида, у кўплаб мажбуриятларга дуч келади. Шу сабабли, турли қийинчиликлар пайдо бўлиши мумкин, аммо шаффоф ва тушунарли қонунчилик ушбу муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради.

— Яқинда Президентнинг 2022 йил 18 мартдаги «Иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатни тайёрлашда биз инвентаризация ўтказдик, бу вақт давомида 2000 дан ортиқ давлат активлари хусусийлаштиришга муҳтожлиги аниқланди. Якуний рўйхатга уларнинг 1,5 мингдан ортиғи киритилган», — деди Давлат активларини бошқариш агентлиги директори ўринбосари Бекзод Усмонов. «Энди биз давлат объектини аукционда унинг қийматини белгиламасдан амалга ошириш тажрибасини давом эттирмоқдамиз — инвесторларнинг ўзлари таклифлар беришади. Шундай қилиб, биз Coca-Colа Bottlers Uzbekistan’нинг давлат улушини, бир қанча меҳмонхоналарни сотдик, ҳозирда “Фарғонаазот” АЖ активлари, Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси ва бошқа активлар аукцион савдоларига қўйилди. 2021 йилгача биз объектларни нархини эълон қилган ҳолда тақдим этдик ва уларнинг деярли барчаси аукционда қолди. Худди шу фармон доирасида ҳоким ўринбосарларига бўш турган объектлар бўйича аризаларни аниқлаш ва кўриб чиқиш ваколати ҳам берилди. Агар инвесторларнинг таклифлари 10 миллион доллардан юқори бўлса, маслаҳатчилар бизнинг агентлик билан келишилмаган ҳолда битимни ўзлари бажаришга ҳақли.

— Coca-Cola компаниясини хусусийлаштириш жараёни қандай ўтганидан ҳайратда қолдик – кўплаб халқаро иштирокчилар иштирок этди, ҳаммаси очиқ, шаффоф ва юқори даражада ўтди, дея қайд этиб ўтди The Coca-Cola Company минтақавий директори Шадаб Аҳмад Хон. – Ўзбекистон инвесторлар учун очиқ – бу ерда тендер жараёни, йирик сармоялар очиқ ва биз бундан кейин ҳам шундай бўлади деган умиддамиз – бу биринчи навбатда ўзбекистонлик истеъмолчи учун фойдалидир.

Indorama Corporation бош директори Пракаш Кежривал Ўзбекистон ҳукумати хусусийлаштиришни қўллаб-қувватлаётганини алоҳида таъкидлади — бунинг далили мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, дея таъкидлади у. Хусусийлаштириш жараёнида манфаатлар тўқнашуви бўлмаслиги керак — бу ҳам инвесторларнинг ишончини камайтиради.

«Прогрессив, динамик ва ислоҳотларга очиқ – Ўзбекистонга илк бор келганимда хаёлимдан ўтган илк сўзлар шундай бўлганди », дея таъкидлади ХМКнинг Яқин Шарқ, Марказий Осиё, Туркия, Афғонистон ва Покистондаги ДХШ лойиҳаларини структуризация қилиш бўйича минтақавий маслаҳат дастури менежери Мунир Фирузи. — Орадан олти ой ўтиб, шартнома имзоладик. Электр станциясини хусусийлаштирдик, Наманганда лойиҳа бор, бугун форум доирасида яна бир шартнома имзолаймиз. Хусусий секторнинг хусусийлаштиришга қизиқиши ва давлат яратиб бераётган шарт-шароит – ижобий муҳит шакллангани, мулоқот, фикр-мулоҳазалар, шериклик муносабатлари йўлга қўйилганини мамнуният билан қайд этаман. Ўзбекистон инвесторлар учун жозибадор бўлиши учун муддатларга риоя қилиш, банкларнинг кучли, барқарор фаолият олиб бориши, инвестор юзага келиши мумкин бўлган риск ва харажатлардан хабардор бўлиши керак.

    Бошқа янгиликлар