Бугун, 25 март куни Тошкент халқаро инвестиция форумининг иккинчи кунида “Электроника ва электротехника: келажакка назар” мавзусидаги панел мунозараси бўлиб ўтди. Ушбу форумда 56 давлатдан 1,5 мингдан ортиқ йирик инвестор ва юқори даражали меҳмонлар жамланган.
Маҳаллий ва хорижий экспертлар муҳокама чоғида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, жаҳоннинг таниқли ишлаб чиқарувчилари билан қўшма корхоналар ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун жалб этилаётган хорижий инвесторлар учун жозибадор шарт-шароитларни яратувчи омилларни таҳлил қилдилар. Унда ташқари электрон маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини ривожлантириш масаласи кун тартибига чиқди.

«Ўтган йили электротехника соҳасини ривожлантиришга 150 миллион доллар сармоя киритдик. Siemens, Samsung каби йирик компаниялар компанияларимиз билан электротехникани ривожлантириш бўйича шартнома тузди”, — деди Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов. “Бу соҳа жадал ривожланмоқда, унда 900дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.
Artel, «O'zelektroapparat-Electroshield», FOTON каби миллий корхоналар нафақат ички бозорга, балки қўшни республикаларга ҳам маҳсулот экспорт қилмоқда. Бу Ўзбекистон келажакда электротехника соҳасида жаҳон брендлари билан рақобатлаша олишидан далолат беради.
Мис электротехника ишлаб чиқариш учун зарур бўлган металлдир. Ишлаб чиқарувчилар эҳтиёжларини қондириш учун биз янги мис конлари, мис ишлаб чиқарувчи корхоналар очмоқдамиз. Ҳукумат чет эллик инвесторлар учун солиқ юкини 50 фоизга камайтириш шаклида шарт-шароит яратади.
Электротехника саноатининг халқаро бозори халқаро иқтисодиётнинг энг жадал ривожланаётган сегментларидан биридир. Унинг жаҳондаги ҳажми деярли 1,2 триллион долларга баҳоланмоқда. Халқаро тадқиқотлар маълумотларига кўра, юқори қўшимча қийматга эга бўлган саноат товарлари ва хизматларини ишлаб чиқариш қулай географик жойлашувга эга бўлган ва ялпи ички маҳсулотга нисбатан илмий-тадқиқот ишлари бўйича харажатлар бўйича етакчи бўлган мамлакатларда ривожланган. Ўзбекистонда ҳам ушбу соҳани ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда ва унинг иштирокчилари ўз олдига улкан режалар белгилаб бормоқда.

“Ўэлтехсаноат” уюшмаси бошқаруви раиси Мирзиёд Юнусов электроника ва электротехника Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий йўналишларидан бири эканини алоҳида таъкидлади.
«Саноатнинг маҳсулдорлиги ошиб бормоқда ва биз унинг бошқа соҳаларга қандай таъсир қилишини амалиётда кўряпмиз. Шуниси эътиборга лойиқки, энергиядан тортиб электр станциясининг ишлаши ва маиший хизмат кўрсатиш учун жиҳозларгача – ҳаммаси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан амалга оширилади.
Ушбу соҳада 900дан ортиқ корхона фаолият юритади, улардан 400таси уюшмамиз таркибида. Маҳаллий стандартларимизни халқаро даражага мослаштиришга ҳаракат қиляпмиз. Ҳар қандай давлатда қўшилган қийматга эга бўлган маҳсулотлар стратегиянинг асоси бўлиб, Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас.
Кўпгина компаниялар аллақачон ўз стратегиясини ўзгартириб, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эътибор қаратмоқда. Бу соҳа нафақат экспорт географиясини кенгайтиради, балки экспорт қилинадиган маҳсулотлар сифатини ҳам оширади. Секторни ривожлантириш учун биз илмий-тадқиқот харажатларини оширишимиз керак.
Хусусий компаниялар учун инсон капиталига сармоя киритиш учун шароит яратишимиз лозим. Бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиёти жозибадор имижга эга: хавф даражасининг пастлиги, минтақавий бозорнинг юқори салоҳияти, давлат томонидан қўллаб-қувватланиши инвесторлар қизиқишини кучайтирмоқда. Бизда хорижий компаниялар инвестициясини жалб қилиш ва уларга ресурслардан фойдаланиш имкониятини бериш имконияти мавжуд. Ўзбекистон яқинда Европа Иттифоқининг GSP+ умумий имтиёзлар тизимига қўшилди.

“Технопарк” масъулияти чекланган жамияти директори Сарвар Аҳадов таъкидлашича, эндиликда “яшил” ишлаб чиқаришни ривожлантириш, қуёш батареялари энергиясидан самарали маҳсулотлар ишлаб чиқариш зарур. Экотизимга етказиладиган зарарни камайтириш учун озонсиз музлатгичлар ишлаб чиқариш муҳим. Бу аллақачон мавжуд бўлган сиёсатнинг шаффофлиги, қоғозбозликни қисқартириш ва солиқ имтиёзлари фонида инвесторларни ўзига жалб қилади.

«Ўзбекистоннинг инвесторлар учун жозибадорлиги янада юқори бўлиши мумкин», – дейди ArtelElectronicsкомпанияси Кузатув кенгаши аъзоси Ким Ю Так. «Уларни рағбатлантириш учун бозорга қулайлик ва нарх рақобатбардошлиги зарур. Мамлакат минтақа ичида жуда юқори талабга эга, барча қўшни давлатлар билан савдо шартномалари мавжуд. Ўзбекистонда нарх сиёсати жуда рақобатбардош, давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Эътибор талаб қиладиган айрим жиҳатлар бор, масалан, малакали мутахассислар сонини кўпайтириш муҳим, шунинг учун хусусий компаниялар ўз ходимларининг таълимига сармоя киритадилар».




