Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот ва ПР хизмати раҳбарининг хабар беришича, Буюк Британиянинг Лидс университети олимлари узоқ изланишлардан сўнг ўпка саратонини аниқлаш ва даволашда қўл келадиган робот яратган. Ушбу инновация ўпка ва бронхларнинг энг нозик қатламларидаги саратон тўқималаридан намуна олишга қодир. Қолаверса, унинг ёрдамида хавфли ўсимталар жойлашган нуқталарнинг ўзига юқори аниқликда ва самарали тарзда дори етказиб бериш мумкин.
Бунинг учун роботнинг махсус митти найсимон мосламаси бурун ёки оғиз бўшлиғи орқали бронхиал йўлларга киритилади. У юмшоқ эластомердан ясалган ва майда магнит заррачалари билан жиҳозланган. Шу сабабли жуда мослашувчан бўлиб, ўпканинг мураккаб бурилишлари бўйлаб ишлашга қодир.
"Янги ихтиро ўпка касалликларини текшириш ва даволашда қимматли восита бўлади, — дейди тадқиқот раҳбари, профессор Пьетро Вальдастри. — Шунингдек, у ташхис жараёнида беморларнинг рентген нурларидан зарарланишига эҳтиёж қолдирмайди”.
Мутахассислар фикрича, робот тез орада дунёнинг етакчи клиникаларида энг оғир касалликларни муолажа қилишда кенг қўлланила бошлайди.