Яқинда Арманистонда қизиқ ҳолат юз берди. Президент Армен Саркисян амалда мамлакат ички ва ташқи сиёсатига таъсир ўтказа олмаслигидан норози бўлиб, истеъфо берди. Унинг ўрнига ягона номзод – юқори технологиялар саноати вазири Ваагн Хачатурян президентликка киришди, яъни кураш ҳам бўлмади. Дунёда президентлик шунчаки рамзий лавозим, асосий ваколатлар бош вазирда бўлган кўплаб давлатлар бор.
Маълумот учун
Президентлик давлати
Бунда, Президент умумхалқ сайловлари асосида муайян белгиланган муддатга ўз лавозимига сайланади. Ҳукумaт прeзидeнт oлдидa ҳисoбдoр бўлади. Прeзидeнт мустaқил ҳoлдa нoрмaтив вa нoрмaтив бўлмaгaн ҳужжaтлaр қaбул қилиш, пaрлaмeнт қaбул қилгaн қoнунлaргa вeто қўйиш ҳуқуқигa эгa. Прeзидeнт мaмлaкaтдa oлий бoш қўмoндон вaзифaсини ҳaм aмaлгa oширaди. Ҳозирги жаҳон тажрибасида Президентлик республикасининг бир қанча кўринишлари мавжуд.
Парламентар давлат
Бунинг ўзига хос хусусияти шуки, парламент давлатда етакчи ролни ўйнайди, у қонунларни қабул қилишдан ташқари, ҳукуматга ва давлат бошқарувининг бошқа органларига кучли таъсир ўтказади. Ҳукуматнинг таркибини ё депутатлик ўринларининг ярмидан кўпига эга бўлган бир партиядан иборат парламент кўпчилиги ёки партиялар каолицияси белгилайди.
Покистон
Бу мамлакат конституциясига кўра, бошқарув бош вазир қўлида ва 2018 йилнинг 18 августидан буён Имрон Хон Покистонни бошқариб келмоқда. Барча муҳим соҳалар, шунингдек, ташқи ва ички сиёсат, армия билан бирга нафақат Покистонда, балки дунёда ҳам жуда катта нуфузга эга бўлган ISI махсус хизмати ҳам бевосита Имрон Хонга бўйсунади.
Лекин шу билан бирга бу давлатда ҳам президент бор ва яқин-яқингача ҳам у катта ваколатларга эга бўлган. Жумладан, парламентни тарқатиш, бош вазирни бўшатиш ва бош қўмондонлик каби.
Бугунги кунда Покистон президенти расмий ва рамзий лавозимга айланган. Айни пайтда бу лавозимда Ориф Алвий фаолият юритмоқда.
Германия
Европанинг бу қудратли давлатининг президенти борлигини кўпчилик билмайди ҳам. Бундан ташқари, аксарият одамлар яқинда лавозимини топширган Ангела Меркелни ҳалигача давлат раҳбари деб ҳисоблашади. Аммо Германиянинг президенти ҳам бор ва 2017 йилнинг 19 мартидан бери Франк-Вальтер Штайнмайер бу лавозимда ишлаб келмоқда. Давлатнинг ваколатли раҳбари эса рейхканцлер Олаф Шолц ҳисобланади.
Германия давлат бошқарувида бу услубни танлашига ўтган асрнинг 30-йилларидаги аччиқ тажриба сабаб бўлган. Ўшанда Веймар республикаси деб номланган бу давлатнинг тўлақонли президенти бўлган. Аммо сиёсатга шиддат билан кириб келган ва рейхканцлер мақомига эришган Адольф Гитлер кейинчалик бу икки лавозимни бирлаштиради ва ҳақиқий диктатура ўрнатади. Иккинчи жаҳон урушига сабабчи бўлиб қолган Германия кейинчалик президентлик ваколатларини кескин сусайтирди ва асосий жиловни рейхканцлер зиммасига юклади.
Венгрия
Венгриянинг амалдаги президенти Янош Адер 2012 йилнинг 12 майида бу лавозимга киришган ва яқинда унинг ваколати тугайди. Чунки конституцияга мувофиқ, у икки марта 5 йиллик муддатга сайланиши мумкин.
Венгрия президенти ҳам айрим ваколатларга эга, лекин улар рамзий характерда. Масалан, демократик жараёнларни кузатиш, миллат бирлигини тамсил этиш каби.
Аммо давлат бошқарувида асосий ваколатлар ҳукумат раҳбари, яъни амалдаги бош вазир Виктор Орбан қўлида. Бош вазир мамлакат ички ва ташқи сиёсатини юритади, мудофаани бошқаради, бюджет ва иқтисодий блокни назорат қилади.
Италия
Бу мамлакатнинг амалдаги бош вазири Марио Драги ҳисобланади ва у бу лавозимни 2021 йилнинг 13 февралидан буён эгаллаб келмоқда. Расман у мамлакат президенти томонидан лавозимга тасдиқланса-да, амалда парламентар етакчилик ортидан давлатни бошқаради.
Бугунги кунда Италия президенти Сержо Маттарелла бўлиб, у 2015 йилдан буён бу лавозимда фаолият юритиб келмоқда. Қизиғи шундаки, жорий йил 3 февралида ишлардан четлашиб, дам олишга ҳозирланган Матарелла ниятига ета олмади. Парламент 7 турда ҳам янги президентни сайлай олмади. Шундан сўнг Марио Драги расман Сержо Маттареллага мурожаат қилиб, ўз фаолиятини давом эттиришини сўради. Кўпчилик бу жараёнда Марио Драгининг ўзи президентлик фахрий лавозимини эгаллашини кутишаётганди, аммо бундай ҳам бўлмади.
Ҳиндистон
Аҳолиси 1,5 миллиардга яқинлашаётган бу давлат бошқарув тизимида ҳам президент энг етакчи роль ўйнамайди. Мамлакатда Раштрапати дея улуғланадиган Ҳиндистон президенти Конституцияга кўра, давлатнинг биринчи рақамли фуқароси, қуролли кучлар олий бош қўмондони ҳисобланади. Шу билан бирга афв қилиш ҳуқуқи, айрим ҳолатларда штатлар қонунчилик органларини тарқатиб юбориш каби ваколатларга эга. Аммо шунга қарамай, бу ваколатлар рамзий характерда ва асосий жилов ҳукумат раҳбари бўлган бош вазир қўлида.
Айни пайтда Ҳиндистон президенти Рам Натх Ковинд бўлиб, у бу лавозимни 2017 йилнинг 25 июлидан бери эгаллаб келмоқда.
Ҳиндистон бош вазири эса Нарендра Моди ҳисобланади ва у бу лавозимда 2014 йилнинг 26 майидан бери фаолият юритяпти. Шу ерда қизиқ жиҳат бор – бош вазир президент томонидан тайинланади. У ҳар икки палата депутатларидан бири бўлиши мумкин, аммо етакчи партия вакили бўлиши шарт. Шунингдек, бош вазир президентнинг асосий маслаҳатчиси ҳисобланади ва парламентда кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланиши лозим. Агар акси бўлса, истеъфога чиқиши шарт.
Исроил
Яҳудийлар мамлакатининг президенти кнессет (Исроил парламенти) томонидан 7 йил муддатга сайланади ва фақат бир муддат бу лавозимни эгаллаши мумкин. 2021 йил 7 июлдан буён Исроил президентлигини Исҳоқ Герцог эгаллаб турибди. Бу давлатда ҳам президент рамзий лавозим ҳисобланади ва тантанавор функцияларни бажаради. Кнессет қабул қилган қарорларни имзолайди, элчилардан ишонч ёрлиқларини қабул қилади, маданий-маърифий тадбирларда иштирок этади. Бу лавозим бир вақтлар Альберт Эйнштейнга таклиф этилгани ва олим бу таклифни рад этгани билан ҳам эътиборга тушган.
Давлатнинг ҳақиқий бошқаруви бош вазир қўлида ва бу лавозим учун партиялар ўртасида ҳақиқий кураш кетади. 2021 йил 13 июндан буён бу лавозимни Нафтали Беннет эгаллаб келмоқда. 1969-1974 йиллар оралиғида мамлакатни бошқарган, Исроил тарихидаги ягона аёл бош вазир бўлган Голда Меирнинг “Бизда ядро қуроли йўқ, лекин лозим бўлса, ундан фойдаланамиз”, деган сўзлари бош вазирнинг ваколатлари қай даражада эканлигининг бир исботидир.
Австрия
Бу мамлакат президентлиги ўзига хос тарихга эга ва расман федерал президент деб номланади. Амалдаги барча президентлар аҳоли ўртасида катта обрўга эга бўлган ва уларнинг ҳеч бири иккинчи муддатга сайланмай қолмаган. Фақат бир киши иккинчи муддатга номзодини қўймаган бўлса, кўпчилик президентлик лавозими пайти вафот этган.
Амалдаги президент Александр Вандер Беллен яшиллар партияси вакили бўлиб, 2017 йил 26 январдан буён бу лавозимни эгаллаб келмоқда. Унинг ҳам конституцион ваколатлари кенг бўлса-да, амалда рамзий вазифаларни бажаради ва мамлакат бошқаруви асосан парламентар кўпчилик вакили томонидан амалга оширилади.
Кўпчилик бош вазир деб атайдиган, расман федерал канцлер ҳисобланган Австрия биринчи рақамли лавозимини 2021 йил 6 декабридан буён Карл Нехаммер банд қилиб турибди. Федерал канцлерни расман федерал президент тайинлайди. Лекин у парламентда энг кўп овоз олган бўлиши лозим.
Мақолада президент бошқарувчи шахс бўлмаган айрим давлатлар келтирилди. Шу билан бирга давлатнинг рамзий раҳбари монархлар бўлган кўплаб давлатлар бор ва уларда ҳам асосий бошқарув бош вазир томонидан амалга оширилади.
Аброр Зоҳидов






