АҚШ Президенти Дональд Трамп Исроил ва Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ўзаро ҳужум қилмаслик бўйича келишувга эришганини маълум қилди. Бу ҳақда TRT Haber хабар берди.
Трамп мазкур баёнотни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳу билан телефон орқали мулоқот қилганидан сўнг ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилди.
Унинг сўзларига кўра, Нетаньяҳу билан бўлиб ўтган суҳбат яхши руҳда кечган. АҚШ раҳбари Исроил қўшинлари Байрутга киритилмаслигини, агар ҳаракат бошланган бўлса ҳам, улар орқага қайтарилганини айтган.
Шунингдек, Трамп “Ҳизбуллоҳ” билан ҳам билвосита мулоқот қилинганини билдирган.
"Улар ҳам барча тўқнашувларни тўхтатиш бўйича келишиб олди. Исроил уларга ҳужум қилмайди, улар ҳам Исроилга ҳужум қилмайди",— деган Трамп.
Бундан ташқари, АҚШ Президенти CNBC телеканалига берган интервьюсида Эрон билан музокаралар тақдири уни кўп ҳам ташвишлантирмаётганини билдириб, Исроил ва Ливан ўртасидаги вазият юзасидан Биньямин Нетаньяҳу билан яна маслаҳатлашишини айтган.
Аввалроқ Эроннинг ярим расмий “Тасним” ахборот агентлиги Теҳрон Вашингтон билан воситачилар орқали амалга оширилаётган хабар алмашувини тўхтатганини маълум қилган эди.
Маълумотларга кўра, Эрон бу қарорни Исроилнинг Ливан ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатлари давом этаётгани билан изоҳлаган. Теҳрон мулоқотни қайта тиклаш учун Исроилдан ҳужумларни тўхтатиш ва эгаллаб турган ҳудудлардан чиқиб кетишни талаб қилмоқда.
Шунингдек, Эрон Ҳурмуз бўғозини ёпиш ҳамда Боб ул-Мандаб бўғозини қамраб олган бошқа йўналишлардаги босим чораларини кучайтириш эҳтимолини ҳам кўриб чиқаётгани айтилмоқда.






