1

Доллар бозорида энг кўп зарар кўрган Марказий Осиё давлатлари

ИҚТИСОДИЁТ 07.04.2022, 14:09
Доллар бозорида энг кўп зарар кўрган Марказий Осиё давлатлари

Россия ва Украина ўртасидаги қуролли тўқнашув бошланиши (2022 йил 24 февраль) ортидан Россияга бошқа давлатлар томонидан қўлланилган санкциялар сабабли АҚШ долларининг рублга нисбатан қиймати одатдагидан қарийб 2 бараварга қимматлашиб кетган эди. Айни кунларда эса рубль долларга нисбатан мустаҳкамланмоқда. Жорий йилнинг 7 март куни 1 АҚШ доллари 142,67 рублгача кўтарилиб, рекорд натижа қайд этди. 31 март куни эса 1 АҚШ доллари 83,50 рублга баҳоланди (58 фоизга тушиш) ва бу миқдор бир ой олдинги қийматга деярли яқинлашиб қолди. (Бугун 7 апрель куни эса “Мосбиржа”да доллар курси 75 рублдан ҳам тушиб кетди.) Бундай нобақарорлик Марказий Осиё давлатларига ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Марказий Осиё давлатлари валюта бозори март ойида қандай ўзгаришларни бошдан кечирди? Таҳлиллар натижасида валюта берқарорлиги бўйича тузилган антирейтингни эътиборингизга ҳавола этамиз.

ҚИРҒИЗИСТОН СОМИ

Қўшни Қирғизистон Марказий Осиёда валюта билан боғлиқ муносабатларда энг кўп жабр кўрган давлатлардан бири бўлди. Қирғизистон сомини кузатсак, март ойи боши ва охирида бир-бирига яқин қийматларни кўрганимиз билан (1 март 1 АҚШ доллари 94,03 сом бўлган бўлса, 31 март санасида 95,42 сом бўлди) 21 март санасида доллар энг юқори қиймат – 102,89 сомни ташкил этди. Қирғизистонда 1 АҚШ долларининг ўртача миқдори март ойигача одатий 84-85 сом бўлганини ҳисобга олсак, доллар феврал-март ойларида 18 сом (21-22 фоиз) атрофида қимматлаган. 21 март-31 март оралиғида эса қирғиз соми 7 фоизга мустаҳкамланган.  

ҚОЗОҒИСТОН ТЕНГЕСИ

Қозоғистон Республикасида март ойи охирига келиб, қозоқ тенгесининг «қадри» тикланиб борди. 1 март куни 1 АҚШ доллари 489,47 тенгени ташкил қилган бўлса, бу қиймат 13 мартга келиб энг юқори даража, яъни 524,91 тенгегача етди. Қозоғистонда 1 доллар одатда, аниқроғи, 24 февралга қадар ўртача 427-435 тенге оралиғида баҳоланган. Бундан хулоса қилиш мумкинки, қўшни мамлакатда АҚШ валютаси 20-22 фоизгача қимматлаган, 31 мартга келиб 465,14 тенге ёки 12 фоизгача арзонлаган.

ТОЖИКИСТОН СОМОНИЙСИ

10 март санасига қадар 1 АҚШ доллари ўртача 11,3 сомонийни ташкил этиб келган. Валюта билан боғлиқ кескин ўзгаришлар натижасида 11 март куни 1 АҚШ доллари бирдан 13,03 сомонийга ёҳуд 15,3 фоизгача қимматлаган. 31 март куни эса 1 АҚШ доллари 12,97 сомонийни ташкил этиб, 0,5 фоизга арзонлаган.

ЎЗБЕКИСТОН СЎМИ

24 февралдан буёғига бир АҚШ доллари 10850-10900 сўм оралиғида “ўйнаб” турган бир пайтда 11 март куни бир доллар 11 минг сўмлик довонни “забт этди”. 26 март куни доллар ўзбек сўмига нисбатан энг юқори маррага чиқиб, 1 АҚШ доллари 11544,74 сўмга тенг бўлди. Буни фоизга чақсак, доллар одатдагидан 6-6,5 фоизга қимматлади. Шундан сўнг қўшни давлатлар қаторида миллий валютамиз ҳам мустаҳкамлана борди. Март ойининг охирига қараб доллар арзонлашди ва 31 март куни 11465,17 сўмни ташкил этди ёки 0,7 фоизга арзонлашди.

ТУРКМАНИСТОН МАНАТИ

Марказий Осиёда валюта бозоридаги энг мўътадили Туркманистон манати бўлиб турибди. Бир ойлик таҳлилни олсак, 1 март куни 1 АҚШ доллари 3,51 манатга тенг бўлган. Бу миқдор 22 февралга келибгина 3,50 манатни ташкил қилган, яъни доллар манатга нисбатан 0,3 фоизгагина қадрсизланган. Шундан сўнг, 31 мартга қадар фақат шу қиймат – 0,3 фоиз ўсиш ва камайиш билан манат мўътадиллигини сақлаб турибди.   

АНТИРЕЙТИНГ: МАРТ ОЙИДА ВАЛЮТАЛАРНИНГ ДОЛЛАРГА НИСБАТАН ЎЗГАРИШИ:

  1. Қирғизистон соми – 21-22 фоизгача қадрсизланиб, 7 фоизгача мустаҳкамланган;
  2. Қозоғистон тенгеси – 20-22 фоизгача қадрсизланиб, 12 фоизгача мустаҳкамланган;
  3. Тожикистон сомонийси – 15,3 фоизгача қадрсизланиб, 0,5 фоизгача мустаҳкамланган;
  4. Ўзбекистон сўми – 6-6,5 фоизгача қадрсизланиб, 0,7 фоизгача мустаҳкамланган;
  5. Туркманистон манати – деярли ўзгармаган.

 

Сардорбек УСМОНИЙ

“Даракчи” газетаси, 7 апрель, 14-сони.

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1