Ўзбекистонда ипотека дастурлари ва таълим кредитлари бўйича фоиз ставкалари йил охирига қадар ўзгаришсиз қолади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев томонидан 8 апрель куни имзоланган Қарорда маълум қилинди.
"Марказлашган манбалар ҳисобидан ипотека ва таълим кредитлари учун ажратиладиган маблағлар бўйича фоиз ставкаларини белгилаш тўғрисида"ги Қарорга мувофиқ, Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига ипотека ва таълим кредити учун ажратиладиган ресурс маблағлари бўйича амалдаги фоиз ставкалар 2022 йил якунига қадар сақланиб қолади. Хусусан, амалдаги ставкалар ипотека кредити учун — 13 фоиз, таълим кредити учун — 10 фоизни ташкил этади. Шу билан бирга, банклар таълим олиш мақсадида қарз олувчига 14 фоиз ставкада кредит ажратади.
Ҳужжатда, шу жумладан, Марказий банк асосий ставкани 14 фоиздан пасайтирган тақдирда, мазкур кредитлар бўйича фоизларни мутаносиб равишда камайтириш кўзда тутилади.






