Эронда Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий битиклари аниқланди

МАДАНИЯТ 14.04.2022, 11:14
Эронда Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий битиклари аниқланди

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги директори биринчи ўринбосари Турсунали Қўзиев ва Тошкент вилояти маданий мерос бошқармаси бошлиғи Мансур Исроиловнинг Эрон Ислом Республикасига Ўзбекистоннинг Эрондаги элчихонаси кўмагида амалга оширган хизмат сафари давомида Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий битиклари топилгани маълум бўлган. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар бермоқда. 

“Эроннинг шимоли-ғарбида Темурийлар даврининг кўплаб маданий мерос обидалари мавжуд. Амир Темур Эронга ташрифи давомида Машҳад провинсиясидаги Тойинобод шаҳрида шайх Абу Бакр Зайн-ул Обиддин Тоййибиний билан учрашган ва у билан дўстлашиб қолган. Узоқ йиллар давомида у билан ёзишиб турган. Ушбу дўстлик ҳурмати Амир Темурнинг ўғли Шоҳрух Мирзо Тойинобод шаҳрида ажойиб масжид қурдиради. Масжид бугунги кунга қадар сақланиб қолган ва кўплаб алломаларимизнинг дўстона муносабатларини ўзида муҳрлаган. Шуниси диққатга сазоворки, кўп ҳукмдорлар ва таниқли арбоблар бу масжидга келиб, намоз ўқишни ўзлари учун шараф деб билишган. Масжиднинг деворида юқори мартабали меҳмонлар учун ҳурмат девори бўлиб, уларда меҳмонлар ўз тилаклари ёки битикларини ёзиб қолдиришган. Уларни кўздан кечираётиб, ажойиб янгилик – Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий битикларини кашф этдик”, - деди Т.Қўзиев.

Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2021 йил 19 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги фаолиятини ташкил этиш ҳамда соҳани инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5150-сон Қарорида маданий мерос обектларини реставрация қилишда Эрон ва Туркия давлатларидан малакали мутахассисларни Ўзбекистонга таклиф қилиш ва улар иштирокида асрашга доир ишларни ташкил этиш белгиланган. Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йилнинг март ойида Эронга хизмат сафари ташкил этилди.

Маълум қилинишича, айни дамда улуғ алломаларимиз битикларини илмий жиҳатдан ўрганишга доир ишлар олиб борилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1