Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти, Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти ҳамда “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби Шерали Жўраевнинг қўшиқлари ярим асрдан зиёддирки, асл санъат шайдоларининг кўнгил мулкидан жой олиб келаётир. Эллик йилдан ошибдики, ҳофиз хонишлари дилларга малҳам, ўксик қалбларга юпанч, Ватан, миллат, муҳаббат, ўзлик, ғурур ва ор ҳақида оташин нидо бўлиб янграмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил 12 апрель куни қутлуғ 75 ёшга тўлган Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевни “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Шунингдек, давлатимиз раҳбари ушбу сана муносабати билан ҳофизга табрик ҳам йўллади.
Унда, жумладан шундай сўзлар бор:
“Эл-юртимиз Сизни бутун ҳаётини ўзбек маданияти ва санъатини ривожлантиришга бағишлаган, ўз ижодий мактабини яратган улкан ва бетакрор истеъдод эгаси, фидойи ва миллатпарвар шахс сифатида яхши билади ва юксак қадрлайди” дейилади табрикда.
Бундай юксак эътироф ҳофизнинг қалбига улкан қувонч бахш этгани шубҳасиз. Зеро, Шерали Жўраев умрини санъатимиз ривожига бахшида этган, бу йўлда ўлмас қўшиқлар яратган, минглаб шогирдларни тарбиялаган иқтидор соҳибидир.
Ҳофизни қутлаш баҳонасида у кишининг хонадонларида бўлиб, суҳбат ҳам уюштирдик.
– Аввало, камтарона меҳнатларимни юксак баҳолагани учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан беҳад миннатдорман. Эл-юрт манфаати, халқимиз фаровонлиги йўлида қилаётган улуғвор хизматларини Яратган Эгам юксак ажрлар билан сийласин.
Инсоннинг бошида ҳар хил кунлар бўлади. Ҳар бир кун ғанимат ва синов. Шу омонат умрда турли ҳолатлар рўй беради. Қийинчилик, изтироб ва машаққатга сабр билан жавоб бериш керак. Сабр қилган одамнинг юзи ҳамиша ёруғ бўлади. Айтмоқчиманки, кўп йиллар катта саҳналардан йироқда бўлдим, давлат тадбирларида иштирок этмадим. Бироқ, халқимизнинг қалбидан узоқлашганим йўқ. Узоқлаштирмагани учун Аллоҳга шукроналар бўлсин.
Мана, бугун, дориламон кунлар келди. Бизнинг дил оғриқларимиз тумандек тарқаб кетди. Бунинг учун яна бир бор муҳтарам Шавкат Мирзиёевга ташаккурларим, эҳтиромларимни билдириб қоламан.
– Шерали ака, концертларингизни доим “Онагинам” қўшиғингиз билан бошлайсиз. Оналарга бўлган эҳтиром ҳақида гапириб ўтсангиз.
–Онаизор фарзанди ҳали дунёга келмасиданоқ уни авайлайди. Соғ-омон туғилсин, дейди. Туғилгандан кейин ҳам тунлари бедор бўлиб, унинг учун ўзини аямайди. Фарзанд парвариши алоҳида бир машаққат. Ҳолбуки ўзбек аёлининг рўзғорда бола катта қилишдан ташқари минг бир ташвиши бор. У шу заҳматлардан ўзини тияди, деб ўйлайсизми? Асло. Масалан, болаликдан яхши эслайман: менинг онам ҳеч меҳнатдан қочмаган, эркаклар қиладиган ишларни ҳам индамай бажариб кетаверадиган ва бундан ҳеч ҳам оғринмаган, ношукурлик қилмаган аёл эдилар. Волидам тимсолида мен барча оналарни шундай тасаввур қиламан ва бу ҳақиқат. Ана шундай улуғ зотларни тараннум этиш, уларга мос бир қўшиқ айтиш ҳақида ўйлаб юрганимда Ҳалима Худойбердиеванинг оналарга бағишланган шеърини ўқиб қолдим. Юрагим “жиз” этди, куйи ҳам қалбимда пайдо бўлди. Халқимиз ҳам бу қўшиқни яхши қабул қилди. Мана, салкам, қирқ йилдирки, шу қўшиқ билан концертларимни бошлайман, тўйларда ҳам шундай. Бу қўшиқдаги сўзлар худди бугунги шодон кунларимизни тасаввур қилиб айтилган ниятлар ижобатига ўхшайди:
Онагинам!
Ўзинг тортма давралардан, эл чорлаганда,
“Тирикликнинг байрами”, деб созланганда тор.
Ўзинг сўлғин лаблар билан пичирлагандай:
“Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор”.
– Умуман олганда, сизнинг репертуарингизда нафақат мумтоз шоирлар, балки замонавий ижодкорлар ёзган шеърлар билан айтилган қўшиқлар ҳам кўп. Аслида мумтоз шеъриятни кўпроқ ёқтирасизми ё замонавийлариними?
– Ғалати савол: онангизни яхши кўрасизми, болангизними, деган билан баробар. Менимча, шеърият битта тушунча, унга муҳаббат ҳам битта бўлиши керак. Замонавий шеъриятни ёқтирган одам классик шеъриятни ёмон кўришига ишонмайман. Тушунмаслиги мумкин, лекин бу бошқа масала. Ҳар қандай яхши фарзанднинг тайин ота-онаси бўлганидек, ҳар қандай яхши шеъриятнинг ҳам тайин ўтмиш шеърияти бўлади — уларни бир-биридан жудо қилиб бўлмайди. Шеър — менинг ҳамишалик ҳамроҳим. Қолаверса, ҳалиги гапим қўшиққа ҳам тегишли — замонавий қўшиққа муносабат билан классик қўшиққа муносабат ўртасига Хитой девори қуриб бўлмайди. Тушунмаслик мумкин, лекин бу, яна айтаман, бошқа масала...
– Кўп китоб ўқийсиз. Уларни танлаб ўқийсизми ё қўлга илинганини?
– Пала-партиш ўқиб юрган кезларим ҳам бўлган. Вақт ўтган сайин қайси шоирларнинг ички дунёси ўзимга яқин эканини билиб боряпман. Алишер Навоий асарларини қайта-қайта ўқийман. Фақат ғазалларини эмас, йирик-йирик достонларни ҳам қўлдан қўймайман. Саъдий, Ҳофиз, Умар Хайём, Фирдавсий, Бобур, Машраб, Нодира, Фурқат, Муқимий, Қодирий... бу ёқда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева... Яна ёшлар... Ишқилиб, ўқийман, деганга ҳозир яхши китоб кўп.
– Мухлисларингиз интернетнинг You Tube саҳифаси орқали хонадонингизда бўлиб ўтган назм ва наво дастурларини томоша қилмоқда...
– Уйимизда ўтказилган бу каби анжуманлардан бошқа бир ният кўзда тутилган: кейинги пайтда санъатимиздан ўзбекона руҳ узоқлашгандай. Европанинг, денгизнинг у томонидаги санъат асарларининг намуналари бизнинг санъатга кириб келишида бир нарса пайдо бўлди. Ўзимизнинг классик, яъни, эски қадимги, минг йиллаб шаклланган шеъриятимизга путур ета бошлади озгина. Ёшларимиз мабодо шуни кўрса, яна қайтиб уларни эсга олсин, деган ниятда Румийхонлик, Навоийхонлик, Бобурхонлик, Жомийхонлик, Машрабхонлик кечаларини ташкил қилдик. Буни халқимиз жуда яхши қабул қилди. Бу улуғ зотларнинг меросини, кимлигини ёшлар қалбига олиб кириш, қанақадир йўл билан ёшлар онгига сингдириш асл муддаомиздир. Шу билан бирга, қолган томошабинлар ҳам уйида ўтириб, маза қилиб икки соат-уч соат томоша қилсин, деган фикрлар асосида шундай кечаларни уюштирган эдик.
– Сиз тинчлик, осуда ҳаёт ҳақида бир нечта қўшиқлар айтгансиз. Тинчлик деб аталмиш бебаҳо неъматнинг қадри ҳақида нималар дейсиз?
– Бугун олам тўфонлар ичра қалқиб турган денгизга ўхшайди. Зиддиятлар, афсуски, кундан кунга авж олмоқда. Бундай вазиятда қўрқиб кетасан, одам. Аммо бир таскин бор: жим қараб турилгани йўқ. Президентимиз яхши қўшничилик, узоқ-яқиндаги давлатлар билан ҳамкорлик масалаларини жуда чиройли ва ибратли тарзда амалга ошириб келмоқда. Бунинг замирида инсон қадри деган улуғ тушунча бор. Инсонни улуғлаш, уни қадрлаш, аввало, тинч ва тотув яшаши учун шароит қилиб беришдан бошланади. Беҳад шукрки, юртимиз тинч ва осуда. Бунинг учун шукрона айтган ҳолда шу улуғ кунларда яна Аллоҳдан сўраймизки, урушлар тўхтасин, низолар, адоватлар барҳам топсин. Болалар зориқмасин, оналар йиғламасин. Тинчлик деб заҳмат чекаётганларнинг боши омон бўлсин.
Шерали Жўраев билан узоқ суҳбатлашдик. Устоз санъаткор бир олам ҳаяжону қувонч оғушида.
Дарҳақиқат, Шерали Жўраев санъати ҳар қанча олқишга муносиб.
Бағрикенглик ва дўстликни, инсоний фазилатларни юксак пардаларда куйлаб келаётган Шерали Жўраевни яна бир бор юксак эҳтиром намунаси — “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан муборакбод этамиз. Ушбу суҳбат-мақоламизни эса Шерали Жўраевнинг таржимаи ҳолига менгзаладиган “Ўхшатинг” қўшиғидаги мисралар билан якунлашни жоиз билдик:
...Кўксим узра урилиб, акс-садо берар қўшиқлар,
Олам узра тараларкан, унга йўқдир тўсиқлар.
Олис йўлдан карвон келар, тингланг дўсту содиқлар,
Қўшиқни сиз оқ тонгда оқ сояларга ўхшатинг...
Мақсуд ЖОНИХОНОВ
("Даракчи" газетаси, 2022 йил 21 апрель, 16-сон)






